Бош қомусимизга ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар ўрганилди

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан “Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш” мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди. Тошкент вилоятидаги Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт университетида ўтказилган тадбирда Марказий Кенгаш масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси масъул ходимлари, маҳаллий Кенгашлардаги аёл депутатлар, фаол аёллар иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Ўразалиева Муқаддас Ўктамовна “Конституциявий ислоҳотларнинг бугунги кундаги аҳамияти тўғрисида” маъруза қилиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқейини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида аниқ мисоллар билан сўзлаб берди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Гулшан Асатова юртимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий йўналишлардаги ислоҳотлар ҳақида гапириб, бугун давлат ва жамият қурилиши ҳамда бошқарувини ислоҳ этиш масалалари ҳам кун тартибига чиқаётганини таъкидлади. – Мустақил давлатимизнинг бошқарувини ташкил этиш, унинг кўппартиявийлик тизими ва профессионал парламентини шакллантиришда муносиб қатнашган партиямизнинг, жумладан хотин-қизларнинг мана шу тарихий жараёнда ўзига хос ўрни бўлиши керак, албатта. Бунга сидқидилдан ҳисса қўшиш қайси вазифада эканимиздан қатъий назар, барчамизнинг аввало фуқаролик бурчимиздир. Яна бир жиҳати, Конституцияга таклиф бериш, фикр билдириш сиёсий салоҳиятимиз ва позициямизни кўрсатиш учун катта имконият ва масъулиятдир – деди Г. Асатова.

 

Давра суҳбатида Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали берилган қўйидаги муҳим таклифларнинг мазмунига эътибор қаратилди.

1-таклиф. Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши керак;

2-таклиф. Конституция олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан-тўғри амал қилиши лозим;

3-таклиф. Ҳар кимнинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари ва интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги;

4-таклиф. Давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлаш мажбурияти;

5-таклиф. Ишсизлик ва камбағалликни тугатиш учун давлат ўзининг барча имкониятларидан фойдаланиши мажбурияти.

 

Йиғилишда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши депутати Зулфия Зокирова, Халқ депутатлари Юқори Чирчиқ туман кенгаши депутатлари ҳамда партия фахрийлари, Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети талабалари ҳам ўз таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш