Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича таклиф

 

Кейинги 5 йилда мажбурий ва болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига қарши курашиш давлатнинг энг устувор вазифаларидан бирига айланди. Аҳолисининг 40 фоизини болалар ташкил қилган Ўзбекистон учун бу вазифа принципиал аҳамиятга эга.

Президентимиз 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси минбаридан туриб, Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш чоралари кўрилиши тўғрисида гапирганди. Шунингдек, 2021 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш устуворлигини яна бир бор таъкидлади. Давлат раҳбарининг кучли сиёсий иродаси, пухта режалар асосида амалга оширилаётган ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар мажбурий ва бола меҳнатига барҳам беришнинг асосий шарти бўлиб хизмат қилмоқда.

Мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам беришнинг қонунчилик асослари кучайтириб борилмоқда. Жумладан, 2018-2021 йилларда тегишли кодекс ва қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслик тўғрисидаги талабларни бузиш ҳамда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш каби хатти-ҳаракатлар учун маъмурий ва жиноят жавобгарлик кучайтирилди.

Мамлакатимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига ҳос тизими яратилди. Кейинги йилларда юртимизда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари жорий этилгани ижтимоий масалалар самарали ечим топишига хизмат қилмоқда.

Кексалар, ногиронлар, оғир аҳволга тушиб қолган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва мурувват кўрсатиш каби эзгу анъаналар бугунги кунда янгича маъно-мазмун, амалий ҳаракатлар билан бойиб, такомиллашиб бормоқда. Бу борада, айниқса, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор” каби дастурлар ўз натижасини бераётир.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳам ўз аксини топиши зарур.

Ижтимоий давлатни барпо этиш масаласи глобаллашув даврида давлатлар ва жамиятлар олдида турган муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. Бунда аҳоли сонининг кескин ошиши ҳамда инсонларга таъсир этувчи омиллар даражасининг ошиб бораётганлиги алоҳида аҳамият касб этади. Демак, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида, Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалаларини конституциявий қоида сифатида акс эттириш масаласи жуда муҳим ҳисобланади.

Сўнгги беш йиллик ислоҳотларнинг натижасида мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий асослари яратилганлигини инобатга олиб, Бош Қомусимизнинг 45-моддасига қўйидаги қўшимча киритиш таклиф этилмоқда.

...“Давлат мамлакатда болалар мехнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ва эркинликларини таъминлайди” деган нормани конституциявий қоида сифатида акс эттириш муҳим деб ҳисоблаймиз.

 

Боймурат Юсупов

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

 

 

 

 

Теглар

Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш