Мамлакатимизда барча соҳаларда, айниқса, сиёсий-ижтимоий йўналишларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни янада жадаллаштириш лозимлиги, Асосий Қонун бўлган Конституциямиз такомиллаштирилишини ҳам ўта долзарб масала сифатида кун тартибига қўймоқда.
Асосий қонунимизнинг янгиланишини фуқароларимиз, юртдошларимиз истаяпти, бу ислоҳотни халқимиз интиқлик билан кутяпти. Ўтган йили ўтказилган Президентлик сайловида ҳам бунга гувоҳ бўлдик.
Конституцияни такомиллаштириш масаласи ўтган йилги сайловолди жараёнларида Президентликка кўрсатилган номзодларнинг аҳоли билан учрашувларида қарийб барча ҳудудларда сайловчиларимиз томонидан кўтарилди. Бошқача айтганда, аксарият юртдошларимиз улкан, юксак мақсадларимиз рўёбга чиқишини Бош қомусимиз такомиллашуви билан чамбарчас боғлиқ ҳолда тасаввур қиляпти.
Амалдаги Конституция мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган ютуқ ва катта ўзгаришларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори ва асосий кафолати бўлиб келди. Буни эътироф этган ҳолда Асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги улкан марраларга, шиддатли ислоҳотлар ўзанига мослаштириш бугунги даврнинг асосий талабидир. Зеро, кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган, жамиятимизни тубдан ўзгартираётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида белгилаб олинган залворли мақсадлар мужассам. Бу эса мустақил юртимизнинг бугуни ва эртасини ҳал қилувчи жараёнлар даврига кириб келганимизни яққол намоён қилиб турибди.
Халқ фикрини ўрганиш асосида Конституцияни такомиллаштириш юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни янги сифат даражасига кўтариш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш, Ўзбекистоннинг дунёдаги энг илғор давлатлар қаторига киришига улкан имкониятлар яратади. Шундай экан, айни кунлардаги муҳим тадбирга ҳар биримизнинг фаол иштирок этишимиз муҳим вазифа ҳисобланади. Зеро, Конституция эртанги келажагимизнинг истиқболини белгиловчи муҳим ҳужжатдир!
Урол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.