Депутатликка номзод сайловчилар ҳузурида

 

Сайловолди ташвиқоти сайлов кампаниясининг энг муҳим ва масъулиятли босқичлардан бири. Бу даврда сиёсий партиялар ва улар томонидан депутатликка илгари сурилган номзодлар сайловчиларни ўзининг истиқболда амалга оширадиган фаолият дастури билан таништиради. Зеро, партияларнинг сайловда муваффақиятга эришиши кўп жиҳатдан ўз сайловолди ташвиқотини нечоғлик фаол ва самарали ташкил этишига боғлиқ.

ЎзХДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 29-Жилвон сайлов округидан номзод Шерзод Раҳмонов Шофиркон тумани сайловчилари билан учрашди.

Туман марказидаги мусиқа мактабида ўтказилган учрашув давомида дастлаб номзоднинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида маълумотлар берилди. Шундан сўнг Шерзод Раҳмонов сайловчиларни ўз сайловолди дастури билан таништирди.

Таъкидландики, номзоднинг дастуридан энг кам иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини ҳаёт кечириш имконияти билан мутаносиблигини таъминлаш, кундалик муҳим маҳсулотлар, хизматлар, жумладан, уй-жой коммунал хизматлар учун тўловларни аҳолининг реал даромадлари асосида белгилаш, барча учун сифати кафолатланган таълим тизимини жорий этиш, қишлоқ мактабларида қишки иситиш тизимини яхшилаш билан боғлиқ муаммоларнинг ечими бўйича ваколатли органлар масъулиятини оширишга қаратилган муҳим масалалар ўрин олган.

Бухоро вилояти тупроғи, иқлимига мос қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экишни йўлга қўйиш орқали ҳосилдорлик ва реал даромадларни ошириш, давлат гранти асосида мақсадли қабул ўринларини мавжуд эҳтиёж асосида кенгайтириш, тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига имтиёзли таълим кредитлари ва субсидияларини тақдим этиш тизимини йўлга қўйиш, фуқароларни асосий ҳаётий эҳтиёжлари учун муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш бўйича таклифлар илгари сурилган.

Номзоднинг дастури билан танишган сайловчилар ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Номзод дастури сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

 

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Сайлов-2019 Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш