Конституциямизга таклиф-мулоҳазалар билдириш жараёни қизғин давом этаётганини кузатиб, янги даврдаги ислоҳотлар натижасида халқ билан давлат ўртасида мулоқотнинг янги даражаси вужудга келганини ишонч билан таъкидлаш мумкин.
Дастлаб фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш, ўрганиб, ҳал этиш чораларини кўриш вазифаси қўйилди, кейинчалик мурожаатларни нафақат ўрганиш, балки фуқароларнинг уйига бориб ҳаёт тарзини ўзгартириш мақсади белгиланди.
Бугунги Конституциявий ислоҳотлар жараёнида фуқаролар Янги Ўзбекистонни, ижтимоий демократик давлатни бунёд этишдек стратегик масалаларни муҳокама қилиб, фикр ва таклифларини ҳам билдирмоқда. Яъни, қисқа даврда мурожаатларни ўрганишдан бошланган ислоҳотлар давлат ва жамият бошқарувини узоқ истиқболга мўлжаллаб такомиллаштириш даражасига кўтарилди. Бу, шубҳасиз, мамлакатимизда кейинги йилларда ижтимоий йўналтирилган ислоҳотлар изчил юритилганининг натижасидир.
Конституциявий комиссиянинг 10 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан фуқаролар давлат ва жамият бошқарувини такомиллаштириш, инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш бўйича билдирган таклифларини эшитиб, тўғриси, жуда қувондим. Ватанимиз равнақи, халқимиз келажаги билан боғлиқ масалаларда ижтимоий бирдамлик туйғуси кучли экани кўнгилни кўтаради, кучга куч, ишончга ишонч қўшади.
Асосий қонунимизни такомиллаштириш бўйича Конституциявий комиссияда муҳокама этилаётган устувор йўналишлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва демократия мезонларига таянадиган ижтимоий демократик давлат барпо этиш ҳақидаги асосий дастурий мақсадига тўлиқ мос келади. Бу партиямиз аъзолари ва фаолларини конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда янада фаол иштирок этишга ундамоқда.
Шу мақсадда Марказий Кенгашимизда 15 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар партия кенгашларининг ҳар бирида жами бўлиб 70 нафардан иборат ишчи гуруҳлар жойлардан келиб тушаётган таклифларни таҳлил қилиш, умумлаштириш, Конституциявий комиссияга етказиш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
1500 нафардан ортиқ маҳаллий Кенгаш депутатлари, 10 мингга яқин бошланғич партия ташкилотлари, фаоллар ва фахрийларимиз мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Конституциявий ислоҳотларда фаол қатнашишга бағишланган турли тарғибот тадбирларини ўтказмоқда, таклифлар олинмоқда.
Учрашувлар қизғин, муҳокамаларга бой тарзда ўтяпти. Ҳудудлардан мамлакатимиздаги туб ислоҳотлар ва партиямизнинг сиёсий позициясига ҳамоҳанг бўлган кўплаб таклифлар келмоқда.
Масалан, Қамаши туман Кенгаши депутати Тамара Чориева Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар, дейилган 18-моддага “имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиши”ни қўшимча сифатида киритиш таклифини жўнатган.
Депутат, шунингдек, “ҳеч кимга жинси, келиб чиқиши, ирқи, тили, туғилган жойи ва қариндошлиги, диний ёки сиёсий эътиқодига кўра устунлик берилиши ёки зиён етказилиши мумкин эмас”лигини ҳам таклиф қилган.
Китоб туман Кенгаши депутати Зилола Норова 24-моддага “инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устундир”, деган қўшимчани киритишни таклиф этган.
Наманган туман Кенгаши депутати Умиджон Солиев 39-моддага “давлат фуқароларнинг ҳаёт учун минимал эҳтиёжларини қондиришига шароит яратади”, мазмунида меъёрни қўшишни сўраган.
Марғилон шаҳридан фуқаро Муҳаммаджон Мирзаев оила ҳақидаги 63-моддада “оиланинг мустаҳкамлигига эркак ва аёл маъсул” эканини белгилаш бўйича мурожаат юборган.
Яккабоғ туман Кенгаши депутати Замира Шукурова 64-моддадаги давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши ҳақидаги меъёрга оила ажралиб кетган ҳолатда вояга етмаган фарзандлар манфаатларини ҳимоя қиладиган банд қўшимча қилиниши керак, деган таклифни жўнатган.
Ўзимимиз ҳам ҳудудларда халқимиз вакиллари билан юзма-юз учрашувлар ўтказиб, муносабат ҳамда таклифларни ўрганиш имкониятига эга бўляпмиз. Сирдарё вилоятида 2 та очиқ мулоқот ўтказдик.
Тиббиёт вакиллари билан ўтказилган мулоқотда Конституциямизнинг 40-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эгалиги белгилангани қайд этилиб, мана шу устувор ҳуқуқнинг кафолатини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси фуқароларига давлат томонидан кафолатланган ҳажмда бепул тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳақидаги меъёрни қўшимча сифатида киритиш таклифи билдирилди.
Шунингдек, давлат соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ва хусусий тиббиёт муассасаларида пулли тиббий ёрдам қонун асосида тартибда амалга оширилишини белгилаш ҳақида ҳам таклифлар илгари сурилди.
Фан, таълим ва маданият соҳалари вакиллари билан ўтган мулоқотда эса Конституциямизнинг 63-моддасига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф берилди. Мазкур модданинг иккинчи қисмидаги “ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, деган меъёрни “ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлашга, таълим-тарбия олиши ва саломатлигини асрашга мажбурдирлар” мазмунида баён этиш таклиф қилинди.
Барча ҳудудлардаги, турли даражадаги учрашув ва очиқ мулоқотларда, бошланғич ташкилотлар, депутатлар, маҳаллалардаги фаолларимизга 1300 дан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушган. Таклиф ва мулоҳазалар партиямиздаги ишчи гуруҳлар томонидан мунтазам ўрганилмоқда.
Умуман, учта йўналишда хулоса қилиб, шуни айтиш керакки, биринчидан, мамлакатимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб ўтказилаётган учрашувлар, жонли мулоқотлардаги таклиф ва мулоҳазалардан, асосийси, халқимизнинг кайфиятидан яққол билиняптики, Конституциявий ислоҳотлар айнан керак пайтда амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистон ғоясини рўёбга чиқариш тарихий зарурат экани айтилмоқда.
Иккинчидан, учрашувларда Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилган, Тараққиёт стратегияси асосида давлат ва жамиятнинг барча соҳаларини қамраб олган ислоҳотлар халқимизни рози қилаётгани ва бардавом бўлиши зарурлигини таъкидлашмоқда.
Учинчидан, Конституциявий ислоҳотлар жараёнидаги ташкилий ишлар очиқлик, эркинлик тамойилларига қатъий амал қилинган ҳолда олиб борилаётгани жамиятнинг барча қатлам вакиллари фикр, мулоҳаза ва таклифларини бевосита билдиришига шароит ҳамда кенг имконият яратмоқда. Албатта, бу борада Конституциявий комиссия фаолияти муҳим аҳамиятга эга бўляпти.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси халқимиз, электорат вакилларидан келиб тушаётган таклифлар Конституциямизда акс этиши, ижтимоий давлат ғоясининг асослари Бош қомусимизда мустаҳкам бўлиши учун саъй-ҳаракатларини давом эттиради.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари,
Конституциявий комиссия аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 15.06.2022, №24