Ҳаёт ўзгариб, ривожланиб борар экан, халқ ва давлат ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунлар ҳам такомиллашиб боради. Конституция ҳам шундай. 1992 йил яратилган, давлатимиз юзи, обрўси бўлган, миллий давлатимизнинг ривожланиши ва фуқароларнинг манфаатлари, уларнинг жамиятдаги ўрни, турмуш тарзини белгилаб берадиган Конституциямиз ҳам қанчалик мукаммал бўлмасин, ҳаёт билан ҳамоҳанг равишда ислоҳ этилишига эҳтиёж борлиги сезиляпти. Шу кунларда барча ўз таклифи, фикр-мулоҳазаси билан фаол иштирок этмоқда. Зеро, барча ўзгаришларнинг ташаббускори ҳам, ижрочиси ҳам халқимиздир.
Ўзбекистонда ижтимоий адолат тамойили асосидаги барқарор ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилди. “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойили асосида констутциявий меъёрларга ўзгартириш киритишга зарурат бор. Ижтимоий давлат, деганда, албатта, биринчи навбатда ижтимоий соҳа, хусусан, тиббиёт, таълим, бандлик, ногиронлик, ишсизлик масалалари кўз олдинга келади.
Тиббиёт доимо давлатнинг эътиборида бўлган. Биринчи, кейинги йиллардаги туб ислоҳотларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидан бошлангани ҳам бежизга эмас. Бунинг натижасида бирламчи тиббий санитария ёрдами тубдан ўзгарди, халқимизга яқинлашди. Оилавий шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, умуман, барча тизимда аҳолига давлат томонидан бепул тиббий хизмат кўрсатилиши таъминланмоқда.
Биргина «103» хизматининг ўзида қанча ишлар амалга оширилди: янги автоуловлар, реанимобиллар билан таъминот яхшиланди. 2019 йилда автомобиллар сони 2525 та эди, 2022 йилга келиб 3000 га яқинлашди. Дори-дармонлар таъминотида катта ўзгаришлар бор.
Ҳар бир йўналишда, ҳар битта босқичда амалга оширилган ишларни санасак, анча вақт керак бўлади. Асосийси, буларнинг барчаси инсонлар ҳаётида сезилмоқда, ўз аксини топмоқда.
Амалга оширилган мазкур ислоҳотларнинг натижадорлигини ошириш учун Конституциямизга айрим ўзгаришлар киритилиши яхшиликка хизмат қилади, деб ўйлайман. Масалан, 40-моддада малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканимиз ёзиб қўйилган. Бироқ бу ҳуқуқнинг кафолати мустаҳкамланмаган. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига давлат томонидан кафолатланган ҳажмда тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳақидаги меъёрни қўшимча сифатида киритишни таклиф қиламан.
Биламизки, бугунги кунда ногиронликка олиб келувчи ижтимоий касалликларни эрта аниқлаш борасида манзилли ва мақсадли скрининглар ўтказиш, жойларда кадрлар ва жиҳозлар таъминоти, 13 турдаги эмлаш ишлари, бу борада вакциналарни бепул беришни давлат ўз зимммасига олган. Бир сўз билан айтганда бугунги кунда тиббиётда нима пулли-ю, нима бепул эканлиги белгиланмоқда. Бироқ қонуний асосни мустаҳкамлаш ҳам талаб этилади. Шу сабабли давлат соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ва хусусий тиббиёт муассасаларида пулли тиббий ёрдам қонуний тартибга кўра амалга оширилишини назарда тутиш ҳам муҳим саналади.
Шу билан бирга тиббий суғурта ҳақида ўйлаш вақти келди, менимча. Чунки ушбу тизим кўплаб мамлакатларда амалга оширилади. Ривожланган мамлакатларда тиббий суғуртасизлик тушунчасининг ўзи йўқ. Буни аҳоли ўзининг бевосита бурчи ҳамда ҳуқуқи, деб билади. Инсонлар имкон қадар тиббий суғурта қилишга интилади. Сабаби бу уларнинг саломатлигини кафолатловчи восита ҳисобланади. Ўйлайманки, Асосий қонунимизда ана шу каби жиҳатлар ҳам қамраб олинса, одамларнинг тиббий маданияти ошибгина қолмай, тиббий саводхонлиги ҳам юқори поғоналарга кўтарилади. Ҳаёт хавфсизлиги, соғлиғи кафолатланади.
Қизилгул ҚОСИМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 15.06.2022, №24