Демократик жамиятда адвокатлар ҳуқуқи, уларнинг эмин-эркин фаолияти кафолатланган бўлади. Чунки фуқароларнинг устувор ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши айни соҳа вакилларининг ҳурмати жойида бўлишига ҳам боғлиқ.
Узоқ ва яқин ўтмишимизда инсоннинг ҳимоя билан боғлиқ фундаментал ҳуқуқлари топталган, адвокат билан икки оғиз гаплаша олмай, яқинларини кўра олмай маҳкум этилган ҳолатлар йўқ эди, асоссиз қамашлар, қақшатиб қийнашлар ҳам йўқ эди, десак ўзимизни алдаган бўламиз.
Президентимиз бу борадаги адолатсизликларга барҳам бериш, инсоннинг қадрини юксалтириш, адолатни тиклаш, қонунга итоаткорликни таъминлаш бўйича жуда кенг кўламдаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб бердилар. Айни йўналишдаги ижобий ўзгаришлар бардавом бўлиши учун ҳимоя ҳуқуқини Конституция даражасида мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга, деб ўйлайман.
Конституциявий комиссиянинг ўтган ҳафтадаги йиғилишида мазкур муҳим масалада бир қатор таклифлар муҳокама этилганини билиб, жуда хурсанд бўлдик. Мен нафақат депутат, халқимизнинг бир вакили сифатида бундай чуқур ва керак ёндашувни қўллаб-қувватлайман.
Маълумки, Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари белгилаб берилган. Хусусан, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга бағишланган бобда ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган. 26-моддада жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги, судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилиши белгиланган.
Шунга қўшимча равишда ҳар бир шахс ўз танловига кўра ва жиноят процессининг ҳар қандай босқичида адвокат олиш ҳуқуқига эгалигини конституциявий мустаҳкамлаш кераклиги ҳақидаги таклиф жуда зарур. Бу таклиф мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, турли соҳа вакиллари томонидан фаол қўлланишига ишонаман.
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Ҳар бир шахс ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан бошлаб адвокат олиш ҳуқуқига эгалиги белгиланса, ҳар хил тазйиқларнинг олди олинади, инсон қадри паймол этилишига йўл қўйилмайди.
Конституцияда ушланган, айбланган, судланган ва ҳукм қилинган шахсга адвокат билан тўсқинликсиз ва махфий учрашувлар ҳамда маслаҳатлашувлар учун зарур шарт-шароитлар таъминланиши белгиланиши, буни ҳамма бош қомусимиз орқали билиши ва шунга суяниши узоқ йиллардан бери кутилган масала эди.
Шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жараёнларида адвокатларга нисбатан тепадан қараш ҳолатлари кузатилади, ҳуқуқ-тартибот идораларининг оддий вазифадаги айрим ходимлари ҳам ўзини адвокатдан зўрроқман, кучлироқман, деб ўйлайдиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Ваҳоланки, адвокат қонун устуворлигини таъминлашда, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жуда муҳим шахс ҳисобланади. Адвокатлар ҳуқуқлари Конституция даражасида кафолатланиши елкаси қисиқликка барҳам бериб, жамиятда адвокатларга муносиб ҳурмат кўрсатилишига хизмат қилади.
Шербек БЎРОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси ва Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 15.06.2022, №24