Касб танлаш катта ҳаёт йўлидаги энг муҳим қадамдир. Инсон ҳаётда ўзини бахтли ҳис этиши учун албатта, ўз қизиқиши билан амалга оширадиган касб-ҳунарга ҳам эга бўлиши зарур. Чунки инсоннинг танлаган касби унинг келажагини белгилайди, касб-ҳунари бор одамнинг жамиятда ҳам, оилада ҳам ўз ўрни бўлади, албатта. Бугун давлатимиз раҳбари раислигида ушбу муҳим, долзарб масала - аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида камбағалликни 2 бараварга қисқартириш бўйича марраларга ҳам одамларга фақат ва фақат замонавий касблар ўргатиш орқали эриша олишимизни таъкидлади.
Тўғри, сўнгги 3 йилда “Ишга марҳамат” мономарказлари ташкил қилиниб, одамларни касбга ўргатиш бошланган. Лекин бу тизим фақатгина 5-10 фоиз ишсизларни қамраб олмоқда.
Бу йил республика бўйича 555 минг нафар ёшлар меҳнат бозорига кириб келиши, уларни замонавий касбларга ўргатиш, муносиб иш билан таъминлаш масалалари барча даражадаги ҳокимлар, олийгоҳ ректорлари, коллеж ва техникум директорларини ҳам ўйлантириши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда тизимдаги камчиликлар танқид остига олинди. 330 та касб-ҳунар мактаби, 173 та коллеж ва 207 та техникумдан иборат тизим самарали ишлатилмаётгани, Ёшларни касбга йўналтиришга масъул бўлган психологлар иши умуман сезилмаётгани қайд этилди.
Эндиликда касб-ҳунар таълимини замон талабларига мослаштириш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.
Янги тизимга кўра, 45 та коллеж Бандлик вазирлиги тизимига ўтказилиб, уларнинг ўрнида мономарказлар ташкил этилади.
Профессионал таълимни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 50 млрд сўм йўналтирилади. Шунингдек, вилоят, туман ва шаҳарларда Касб-ҳунар таълими кенгашлари ташкил этилади.
Янги тизим орқали 6 минг нафар аҳоли касбий таълим билан қамраб олинади ва манзилли ишга жойлаштирилади.
Касб-ҳунар мактабларининг бўш майдонларида корхоналарнинг ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилади. Бунда, ўқувчилар ушбу корхонада ишлаб, ойлик олади.
Келгуси йил 1 январдан бошлаб илмий даражаси бор техникум ўқитувчиларининг иш ҳақи олийгоҳ ўқитувчилариникига тенглаштирилади.
Янги ўқув йилидан бошлаб, олийгоҳ талабалари учун жорий этилган имтиёзли таълим кредити техникум ва коллеж ўқувчилари учун ҳам жорий этилади. Шунингдек, коллеж ва техникумларда ўқиш учун давлат грантлари ва эҳтиёжманд оила аъзолари учун субсидиялар кўпайтирилади.
Айрим техникумларга бир йилда 2 марта қабул ташкил этиш амалиётини бошлаш вазифаси ҳам қўйилди.
Энг муҳими, келгуси йил 1 январдан бошлаб профессионал таълимдаги педагог ва усталарнинг ойлиги ўрта мактаб ўқитувчиларига тенглаштирилади ҳамда эришган натижасига қараб, фидойи ва ташаббускор педагог кадрларнинг ойлигига 50 фоизгача устама тўлаш жорий этилади. Бунинг учун келгуси йилда бюджетдан қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш борасида жуда кўп имтиёзлар берилмоқда, имконият ва шароитлар яратилмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий дастурий мақсадларидан бири аҳоли бандлигини таъминлаш, уларга касб-ҳунар ўргатиш эканлигини инобатга олган ҳолда, ушбу йиғилишда кўтарилган масалалар, белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишда барча даражадаги партия ташкилотлари ходимлари, депутатлари фаол иштирок этиши муҳим ҳисобланади.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.