Ижтимоий давлат – мазкур соҳага устуворлик қаратиладиган, фуқаролар тенглиги таъминланадиган, уларнинг табақаларга ажралишига йўл қўйилмайдиган, умумий фаровонлик бўладиган жамият демак. Иккинчи жаҳон урушидан кейин ижтимоий давлат ривожланишининг сифат жиҳатидан янги босқичи – уни конституциявий тамойилда қуриш, давлатнинг алоҳида тури сифатида талқин қилиш бошланган. Урушдан кўп ўтмай, ижтимоий давлат конституциявий тамойил сифатида Япония, Германия, Франция, Италия, кейинроқ 70-йилларда Испания, Португалия, Швеция конституцияларида мустаҳкамланган.
Ҳозирги вақтда дунёнинг барча ривожланган мамлакатлари у ёки бу даражада де-факто ижтимоий давлатлар ҳисобланади.
Ўзбекистон Конституциясида ҳам ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат принципларини амалда таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган беш йилликдаги Ҳаракатлар стратегияси барча ислоҳотлар бўйича устувор йўналишларни бажаришга асос бўлган муҳим ҳужжат сифатида тарихдан жой олди. Парламентимиз томонидан сўнгги беш йилда айнан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, унинг ижтимоий эҳтиёжларига дахлдор 158 та қонун қабул қилинди, 14 та халқаро ҳужжат ратификация бўлиб, 5 та халқаро ҳужжатга қўшилдик.
2021 йил 1 апрелдан бошлаб кам таъминланганларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг ягона реестри ахборот тизимига киритиш орқали болалар нафақаси, моддий ёрдам бериш бўйича рўйхатга олишнинг янги механизми жорий этилди. Оворагарчиликлар, қоғозбозликларнинг олди олинди.
Юртимизда очиқ сиёсат юритилиб, илк бор аҳолининг камбағаллик даражаси тан олинди. Айтиш керакки, бу муаммони ечиш учун Президентимиз ташаббуси билан тизимли чоралар кўрилмоқда.
Муҳим жиҳати, ижтимоий ҳимоя бўйича давлат бошқаруви тизимида ҳам институционал ўзгаришлар юз берди. Жумладан, алоҳида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, шунингдек, Тиббий-ижтимоий хиз матларни ривожлантириш агентлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси каби ижтимоий ҳимоя тизимида алоҳида махсус ваколатли давлат органлари ташкил этилди.
Яна бир масала: ногиронлиги бўлган шахсларга жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиш учун кенг ва тенг имкониятлар яратилди. Давлатимизда ногиронлиги бўлган қарийб 1 миллионга яқин шахснинг ҳуқуқларини бевосита таъминлашга қаратилган 35 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун амалиётга йўналтирилди, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси ратификация қилинди.
Нуроний ва фахрийларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилди. Ўзбекистонда аҳолининг қарийб 9 фоизини кексалар ташкил этади. Уларни моддий қўллаб-қувватлаш ва ғамхўрлик кўрсатиш учун маҳалла даражасида тизим яратилмоқда.
Мамлакатимизда 376 та давлат ижтимоий муассасаси, шундан 52 таси катталар ижтимоий ташкилоти сифатида фаолият юритаётганини таъкидлаш лозим. Шу ўринда мамлакатимизда ижтимоий сиёсат борасидаги барча саъй-ҳаракатлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанглигини таъкидлаш мумкин.
Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимининг асосий ва кучли томони инсоннинг барча фаолиятини қамраб олувчи турли дастурларнинг кенг доираси мавжудлигидир.
Бугунги ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Асосийси, бошланган кенг қамровли ишларни, эришилган натижаларни янада юқори суръатда давом эттиришдир. Президентимиз таъкидлаганидек, “Инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш — давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишидир”.
Бунда, энг аввало, ушбу масалаларнинг конституциявий асосларини такомиллаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Қолаверса, Тараққиёт стратегиясининг тўртинчи устувор йўналиши “Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш”, деб номланиб, бевосита ижтимоий ҳимоя масалаларига қаратилган.
Ижтимоий давлат тушунчаси эса айни шу лойиҳаларда ўз аксини топади. Бу аҳоли фаровонлиги ва фуқаролар тенглигини кафолатлайди. Демак, юқоридаги келтирилган айрим рақамлар, ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар, эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий муҳофазасига қаратилган сиёсат юртимизда ижтимоий давлатнинг пойдевори яратилганини кўрсатиб турибдики, Ўзбекистон де-факто ижтимоий давлат. Энди уни де-юро Конституцияда мустаҳкамлаб қўйишга етарли даражада асослар, фактлар, амалий ишлар мавжуд ва бугун бунинг айни вақтидир.
Хўш, ижтимоий давлат бизга нима учун керак, деган савол туғилиши табиий. Мазкур тизимда бошқарувнинг устувор моҳиятида иқтисод ёки сиёсат эмас, балки инсон манфаати, унинг қадри туради. Бюджет тақсимотида камбағалларга ёрдам таъминланади. Бундай давлатнинг асосий хусусияти бизнесни қўллаб-қувватлаш ва кучли иқтисодиётни таъминлаш ҳисобланади. Сабаби, бизнес, ишлаб чиқаришнинг ривожланиши натижасида солиқ тушуми ҳисобига иқтисодиёт ўсади, бюджет маблағлари кўпаяди. Бу тармоқда янги ғоялар амалга оширилишига ва маблағнинг ижтимоий соҳага йўналтирилишига ёрдам беради.
Шу билан бирга, бугун “ижтимоий сиёсат”, “ижтимоий ҳимоя”, “ижтимоий кафолат” каби тушунчалар мазмун-моҳияти аввалгидан анча кенгайди. Бош қонунимиздаги ижтимоий ҳуқуқларни кенгайтирган ҳолда, улар қаторида болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлиги бўлган шахслар, кекса авлод вакиллари, ёшлар, хотин-қизлар, мигрантлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топиши мақсадга мувофиқ.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
“Янги Ўзбекистон”, 15.06.2022, №118