ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси билан мулоқот ўтказилди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) Эоган Мерфи бошчилигидаги делегацияси билан мулоқот ўтказилди.

Мулоқот аввалида делегация аъзоларига партиянинг бир қатор йўналишлардаги фаолияти тўғрисида қисқача маълумот берилди.

2021 йил 24 октябрда ўтказилган Ўзбекистон президентлигига сайловни кузатиш бўйича ДИИҲБ делегацияси миссиясининг якуний ҳисоботи билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди. Мазкур ҳисоботда берилган таклиф-тавсиялар ҳақида фикр алмашилди. Бюронинг айрим таклифлари сайлов қонунчилигини такомиллаштиришда ўзига хос аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Шунингдек, мулоқот давомида Ўзбекистонда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнлари, фуқаролар, электорат вакилларидан таклиф-мулоҳазаларни олиш бўйича Халқ демократик партияси тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди. Конституциявий ислоҳотлар фуқароларнинг устувор ҳуқуқлари кафолатини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиши, Халқ демократик партияси бу борада ўз таклифлари билан фаол иштирок этиши қайд этилди.

Мулоқотда сайловларнинг ҳуқуқий асоси ва амалиётини янада такомиллаштириш масалалари бўйича ҳамкорликни мунтазам давом эттиришга келишилди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш