Сайлов кодексининг 9-боб 44-моддасига кўра, номзодлар Сайловолди ташвиқотини олиб бориш ҳуқуқига эга. У сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган, сайловчиларни номзод ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият ҳисобланади.
Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзодлар ҳам кодексга мувофиқ, рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан ташвиқот учрашувларини бошлади. Бекобод шаҳридаги 6-Тинчлик сайлов округида ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлиб ўтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўрсатилган номзод Р.Раҳмонов ва халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгашига шу сайлов округидан кўрсатилган номзод Э.Муротов сайловчилар билан учрашди. Унда иштирокчиларга партия мақсадлари, илгари сураётган ғоя ва ташаббуслари ҳақида тушунчалар берилди.
Таъкидландики, Халқ демократик партияси Ўзбекистонда ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия мезонларига мос келадиган ижтимоий демократик давлат барпо этишни ўзининг олий мақсади сифатида белгилаган. Шунинг учун Ўзбекистон ХДП иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишга устувор аҳамият қаратган. Партия мамлакатнинг тобора юксалаётган иқтисодий салоҳияти аҳолининг кам таъминланган қатламлари турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини ошириш учун хизмат қилиш керак, деб ҳисоблайди. Бу мамлакатда ижтимоий барқарорлик ва фуқаролар бирдамлигини янада мустаҳкамлашнинг асосий омили ҳамда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим шарти саналади.
Ушбу устуворликдан келиб чиқиб, партия ўз депутатлари орқали иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириб боришни, жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришни, ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришни кўзда тутади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларнинг ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда партия барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тарафдори бўлган барча шахсларнинг кўмагига таянади.
Учрашувда, шунингдек, депутатларнинг сайловолди дастури ҳақида ҳам маълумот берилди. Улар бевосита партия ғояларига ҳамоҳанг бўлиб, ҳудуддаги ижтимоий масалалар қамраб олингани таъкидланди. Энг аввало, аҳоли бандлигини таъминлаш, барча учун мақбул шароит яратиш ташаббуси билан чиқаётгани қайд этилди.
Номзодлар сайловчиларнинг саволларига жавоб берди.
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.