Ўзбекистон Республикасида маҳаллий вакиллик органлари вазифасини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари бажаради, ҳамда улар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги ва «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунларига асосан олиб боришади.
Сўнгги йилларда, Ўзбекистон Республикасида ҳам маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «Халқ депутатлари кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун орқали «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги ва «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонунларига халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи тегишли ўзгартишлар киритилди.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий-техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифаси ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига ўтказилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунининг 24-моддасида Халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари белгиланган.
Жумладан,
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий ваколатларига:
— вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларини, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларини тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш;
— вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадларининг прогнозларини маълумот учун қабул қилиш;
— вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарорларни тасдиқлаш;
— тегишли бюджетлардан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш;
— вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;
— маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш нормалари киритилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 31 июлдаги СҚ-360-IV-сонли Қарори билан тасдиқланган «Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий» регламентида ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини тасдиқлаш, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш, маҳаллий бюджетни (туман, шаҳар бюджетини) кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш каби масалалар ўрин олган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 99-моддасига мувофиқ «вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этишлари» белгиланган.
Ватанимизда ислоҳотлар ортга қайтмайдиган, барқарор, изчил тус олаётганининг энг ёрқин кўринишларидан бири – бу халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг жамиятимизда тутган ўрни ўзгариб боришида кўринмоқда. Бугун мамлакатимизда барча даражадаги 213 та маҳаллий Кенгашда 6500 га яқин депутат фаолият кўрсатмоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сезиларли равишда фаоллашуви кўзга ташланмоқда. Депутатларнинг онги, уларнинг сиёсий фаоллиги ва гражданлик позицияси ҳар томонлама ўзгариб, Кенгашлар ишининг ташкил қилиниши ва уларнинг роли янги характерга эга бўлмоқда.
Маҳаллий Кенгашлар ҳузуридаги доимий комиссиялари фаолиятида, раҳбарларнинг масъулиятини оширишда депутатлар корпусининг ролини кучайтиришга, ижро этувчи ҳокимият органлари устидан назоратни такомиллаштиришга қаратилган чоралар амалга оширилмоқда. Вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида ижро этувчи ҳокимият ҳудудий органлари раҳбарларининг ишига доир ҳисоботларини эшитиб бориш амалиёти жорий этилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Бош қомусимизнинг 99-моддасига қўйидаги қўшимча ва ўзгартириш таклиф этилмоқда.
Амалдаги таҳрир: Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этадилар.
Таклиф этилаётган таҳрир: Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, қонунчиликка асосан:
1) Маҳаллий бюджетни тасдиқлайди ва унинг ижросини назорат қилади;
2) ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларини тасдиқлайди:
3) маҳаллий солиқ ва йиғимларни жорий этади ва имтиёзларни белгилайди:
4) маҳаллий аҳамиятга эга бошқа масалаларни ҳал этади.
Бугунги демократик тамойиллар ва «Инсон қадри учун» тамойилидан келиб чиқиб, Бош қомусимизга киритилиши таклиф этилаётган бу каби ўзгартиш ва қўшимчалар, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар маҳаллий вакиллик органлари фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашади деб ҳисоблаймиз.
Боймурат Юсупов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.