Исталган кунда никоҳни қайд этиш тартиби белгиланяпти(ми?)

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибидан бир қатор қонун лойиҳалари ўрин олган эди.

Йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатларнинг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди. Хусусан, лойиҳага кўра, никоҳ тузиш тартиби аввалгидек, никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач эмас, белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилиши белгилаб қўйилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасида никоҳни қайд этиш муддатини қисқартириш учун алоҳида ҳоллар сифатида ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар назарда тутилган. Бироқ, амалиётда ушбу норма турлича талқин қилиниб, никоҳни қайд қилиш муддатини турли асосларга кўра қисқартириш ҳолатлари учраётган ва коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқараётганди.

2021 йилда 305 мингдан ортиқ никоҳ қайд этилган бўлса, шундан 50 мингга яқини (16,1 %) 1 ойлик муддат қисқартилган ҳолда қайд қилинган. Ушбу даврда 22 мингдан ортиқ (46 %) ҳолатда ҳомиладорлик сабабли, 14 мингдан ортиқ (28,8 %) ҳолатда бола туғилганлиги сабабли ҳамда 12 мингдан ортиқ (25,2 %) ҳолатда касаллик, хизмат сафари ва бошқа сабабларга кўра бир ойлик муддат қисқартирилган.

Қолаверса, бир ойлик муддатни кутишни хоҳламаган фуқаролар шаръий никоҳ асосида яшаб, фарзандли бўлгандан кейин ФҲДЁ органларига туғилганлик ҳолатини қайд эттириш учун мурожаат қилишмоқда. Оқибатда болага нисбатан оталик белгилаш ҳолатлари йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Никоҳ тузиш тартиби халқаро тажрибада ҳам ўрганилгач, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида никоҳланувчи шахслар тиббий кўрикдан ўтганларидан сўнг исталган кунда никоҳни қайд этиш тартиби белгиланмоқда. Оила кодексининг 17-моддасида эса никоҳланувчи шахслар давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида бепул асосда тиббий кўрикдан ўтиши белгиланган.

Депутатлар баъзи давлатларда никоҳ тузиш тартиби ариза берилганидан сўнг энг кам 3 кундан 3 ойгача муҳлатни қамраб олишини таъкидлаган ҳолда, ўзбек оилаларида ёшларнинг оила қуришига жиддий ёндашилиши, томонлар, уларнинг ота-оналари бир-бирини ўргангачгина бир хулосага келиши ва сўнг ФҲДЁ органларига мурожаат қилишини инобатга олиб, қонунда белгиланган 1 ойлик муддатни қисқартириш мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлашди.

Шунинг билан бирга барча тиббий кўрикдан ўтиши мажбурийлигини белгилаш таклифини киритишди. Тиббий кўрикдан мақсад никоҳга тўсқинлик, таъқиқ қўйиш эмас. Аксинча, никоҳланувчилар ўзаро маълумотга эга бўлишини таъминлайди ва бу муҳимдир. Бундай меъёр тиббий маданиятни ошириши билан бирга, оиланинг мустаҳкамлигига хизмат қилиши таъкидланди.

Фракция йиғилишида шунингдек, «Электрон тижорат тўғрисида»ги «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги ҳамда «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳалари кўриб чиқилди.

Депутатлар йиғилишда кўриб чиқилган қонун лойиҳаларига ҳам электорат манфаати нуқтаи назаридан муносабат билдиришди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш