Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари Конституцияда акс этиши муҳим

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга тенг шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати мутлақо янги босқичга кўтарилди.

Дарҳақиқат, ногиронлиги бўлган шахсларга жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун кенг ва тенг имкониятлар яратилди. Давлатимизда қарийиб 1 млнга яқин ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини бевосита таъминлашга қаратилган 35 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида” Қонун қабул қилинди, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Конвенцияси ратификация қилинди.

Қолеварса, бу борада қонунчиликка муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, илм ўрганиши, касб танлаши, ҳунар ўрганиш борасидаги ҳуқуқларини амалга ошириш масаласида Меҳнат кодексига, Таълим тўғрисидаги қонунга янги меъёрлар киритилди. Шунингдек, Шаҳарсозлик кодексида ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланиши, ижтимоий объектларга эмин-эркин кириб чиқиши учун шароит яратиш масалалари кўзда тутилди. Биноларни қуришда, лойиҳалаштиришда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланишини ҳисобга олиш алоҳида меъёр сифатида белгиланди. Бу борада давлат ташкилотларининг мажбуриятлари аниқ белгилаб берилди.

Аммо Конституциямизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари етарли даражада мустаҳкамланмаган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида имконияти чекланган шахсларнинг конституциявий ҳуқуқ ва кафолатларини Бош Қомусимизда белгилаб қўйиш инсоний бурчимиз эканлиги алоҳида қайд этилиб, “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар қандай ажратиб қўйиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш, объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бош тортиш тақиқланади. Давлат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини амалга ошириш учун зарур шароитларни ва тенг имкониятларни яратади. Алоҳида эътиборга муҳтож бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади”, деган қоидаларни киритиш таклиф қилинди.

Бу каби нормаларнинг Конституцияда акс этиши имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари ҳаётда ўз амалий ифодасини топишида кўмаклашиши шубҳасиз.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш