Инсон қадрини улуғлаш — юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Бугун бу борадаги ишлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида барча соҳаларда, айниқса, сиёсий-ижтимоий жараёнларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни янада жадаллаштириш лозимлиги баробарида Конституция такомиллаштирилиши ўта долзарб масала сифатида кун тартибига қўйилмоқда. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида амалдаги Конституция мамлакатимизда ўтган йиллар мобайнида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлганлиги эътироф этилиб, Бош қомусимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка мослаштиришни тақозо этаётгани қайд этилди.
Хўш, Конституциявий ислоҳот нима учун керак, унинг асл моҳияти нимадан иборат?
Президент таъбири билан айтганда, 6 йил олдинги халқимиз билан бугунги юртдошларимизнинг дунёқараши ўртасида катта фарқ бор. Инсоният илмий-технологик даврга қадам қўйди. Жаҳонда кескин трансформация жараёнлари ва рақобат кучаймоқда. Эртанги кунини ўйлаган халқлар ва давлатлар ўз келажаги ҳақида бугун ҳар қачонгидан ҳам жиддий бош қотирмоқда.
Шу ўринда Конституция ҳам замонавий ижтимоий-иқтисодий муносабатларга ҳамоҳанг тарзда такомиллаштирилиб борилмоғи зарур.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, бугун давлатнинг асосий қонунига тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш ҳаётий заруриятга айланиб улгурди.
Давлатимиз раҳбари Конституциявий комиссия аъзолари билан суҳбатда шу хусусда фикр билдирар экан, Конституциявий ислоҳотлар оддий аҳолига, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига нима беради деган масалани кун тартибига қўйди.
Бу каби саволларнинг барчасига жавобни пухта ишланган ҳуқуқий нормалар орқали Конституциямизда акс эттириш – давр тақозоси эканлигини таъкидлаб ўтди.
Дарҳақиқаи, чинакам халқ мафкурасини, миллатнинг энг муқаддас орзу-интилишларини фақат унинг Бош ҳужжати – Конституциясида тўлиқ ифода этиш мумкин.
“Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур.
Анвархон ТЕМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.