Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашув ўтказди.
Ушбу йиғилишда давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни янада чуқурлаштириш зарурлиги, халқимиз хоҳиш-истаги ҳамда талаб ва таклифларига асосан Асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш мақсадида Олий Мажлис палаталари томонидан Конституциявий комиссия тузилиб, фаолият бошлаганлигини таъкидлаб, қисқа давр ичида Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилганлигини эътироф этди.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича комиссия аъзолари билан фикр алмашди ва ўзининг бир нечта таклиф ва тавсияларини билдирди.
“Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур.
Яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак".
Бу гал ҳам берилган таклифлар ичида партиямиз дастурида илгари сурилган мақсад ва вазифалар билан ҳамоҳанглиги бизни қувонтирди. Асосий қонунимизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғояни мустаҳкамлашни таклиф этаман, деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Чунки “инсон қадри” тушунчаси “ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ.
Ижтимоий давлат – ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир.
Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади.
У шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратишни талаб қилади.
Шу билан бирга, ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир. Бу вазифалар партиямиз электорати вакиллари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлиги шак-шубҳасиз.
Кўпчилик кутаётган яна бир муҳим таклифнинг илгари сурилганлиги, инсонпарварлик ғояларининг улуғланаётганлиги, инсон қадр-қиммати ошаётганлигидан далолат беради. Жумладан, Давлат раҳбари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинганда, у нима учун ушлангани ва қандай ҳуқуқларга эга экани тушунтирилмаётгани, гумон қилинувчининг ҳуқуқлари ушланган дастлабки вақтдаёқ хавф остида қолаётганини таъкидлаб ўтди.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган “Миранда қоидаси”ни қўллаш лозим.
Яъни, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шарт.
Ана шу қоидани Конституциямизда муҳрлаб қўйишнинг вақт-соати келди, деб ўйлайман.
Бундан ташқари, “Хабеас корпус” институтини ривожлантириш зарур. Яъни, шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас.
Агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқача турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш кераклиги ҳақидаги нормани ҳам Конституцияда акс эттиришимиз зарур" – деди президент.
Биз ўзаро бирдамлик ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсак, конституциявий ислоҳот жараёнида янада фаол иштирок этсак, Давлатимиз раҳбари хоҳлаганидек, ишлашга – иши, яшашга – уйи бўлган, фуқаролари тинч ва эркин, ҳаётдан мамнун, дастурхони тўкин, оиласи бахтиёр ва фаровон яшайдиган давлатни албатта қурамиз.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.