Кеча бўлиб ўтган Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда Президентимиз тўртта устувор йўналишга эътибор қаратиб, уларнинг ҳар бири бўйича таклифларини айтиб ўтди.
Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, даҳлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи биринчи йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди.
Инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт. Янгиланаётган Конституциямизда ушбу тамойиллар аниқ ифода этилиши, ўзининг мукаммал ҳуқуқий ечимини топиши зарур, деди Президент.
Шунингдек, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи экани таъкидланиб, Конституцияга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган нормани киритиш таклифи билдирилди.
Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмаслигини қатъий ёзиб қўйиш зарурлиги айтилди.
Шунингдек, озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан инсоний муносабатни таъминлаш бўйича конституциявий асосларни мустаҳкамлаш масалаларига тўхталиб ўтилди. Маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари – қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши кераклиги таъкидланди.
Биз эл-юрт ташвиши билан яшайдиган халқчил давлат барпо этишни кўзлаганмиз. Бу шуни англатадики, давлат, унинг органлари ва мансабдор шахслари халқ учун ишлайди, унга хизмат қилади. Давлат ҳокимияти устидан халқ назорати ўрнатилади. Конституцияга давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни, мазкур органларнинг ихчам ва тежамкор бўлишини таъминлаш юзасидан қоидалар киритишни таклиф қиламан, деди Президент.
Маълумки, Конституциявий комиссия томонидан умумлаштирилган таклифларни энди Қонунчилик палатаси депутатлари қонунчилик ташаббуси тартибида Парламент қуйи палатасига киритади. Парламентда улар чуқур муҳокамадан ўтказилиб, янгиланган Конституция лойиҳаси тайёрланади. Президентимиз Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этди.
Давлатимиз раҳбари халқимизга мурожаат қилиб, конституциявий ислоҳот жараёнида янада фаол қатнашишга чақирди. Шу ўринда бир ҳикматни эслагим келди: бирлашган эл бўлади.
Бугун атрофимизда кечаётган муҳим сиёсий жараён ҳар биримиздан сергакликни, шижоатни талаб қилади. Эртанги келажагига бефарқ бўлмаган кишининг эса бугун албатта бажариши зарур бўлган вазифаси бўлади. Шундай экан, олдимизда турган олий вазифаларни сидқидилган бажармоқлик ҳар биримизнинг эзгу бурчимиздир!
Ўрол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.