Мамлакатимизнинг келажаги бўлмиш ёшларимизни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялашга ўзига хос тарзда, замонавий усуллар асосида ёндашилмоқда. Уларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари, имконият ва манфаатларини ҳимоя қилишда ташкилий-ҳуқуқий асослар замон билан ҳамнафас такомиллашиб бормоқда.
Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда Президентимиз ёш авлод тақдири учун маъсулиятни янада ошириш борасида Асосий қонунимизга муҳим қоидани киритишни таклиф этдилар:
“Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида маънавий ва аҳлоқий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун зарур шароитларни яратади”.
Шунингдек, Конституциямизга “Ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир”, деган меъёр ҳам таклиф этилди.
Мен бу таклифларни нафақат депутат, балки бир она сифатида ҳам қўллаб-қувватлайман.
Бунда ҳар бир оила, ота-она ўз фарзандининг соғлиғи, унинг ўз вақтида тиббий профилактикага, соғлом турмуш тарзи кўникмаларига риоя этишини ёшлигидан ўргатиб, тарбиясига сингдириб борса, таълим олиши ва келажаги бўйича қайғурса, шу билан келажакда юртнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига катта ҳисса қўшган бўлар эди.
Юртимиз ёшлар мамлакати бўлиб, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Албатта, бу давлатимиз зиммасига улкан масъулият юклашини кўз олдимизга келтирсак жуда катта эътибор, ғамхўрликни талаб этади. Иккинчи томондан ёшларимизга кўрсатиладиган эътибор эртага улкан ютуқ ва натижаларини ҳам беради. Ёшлар барча даврларда жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этиб келинган. Шарқ Уйғониш даврида ҳам, жадидлар фаолиятида ҳам жамиятнинг янгиланишида ёшларнинг ўрни беқиёс бўлган.
Шу боис, мустақил фикрлайдиган, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялашга қаратилган давлат томонидан амалга ошириладиган сиёсат ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш, уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа салоҳиятларини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Бу борада ҳар бир ота-она, ҳар бир хонадон, ҳар бир маҳалла фарзандлар таълим-тарбиясини энг асосий вазифа сифатида билиб, ёшларни халқимизга ёт ва янги авлод онги учун зарарли бўлган салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, миллат ва давлат тараққиётини дунё ҳамжамиятига кўрсатишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялаши ҳам қарз, ҳам фарздир. Зеро, инсон ҳаёти одоб-ахлоқ, таълим-тарбия билан бевосита боғлиқ.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасидалиги ҳамда ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари давлатнинг бош қомусида ҳам бежизга белгилаб қўйилмаган.
Қизилгул Қосимова,
Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати.