Бошқарув тизимини ислоҳ қилиш муҳим масала

 

Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнида парламент фаолиятининг тутган ўрни беқиёсдир. Чунки парламент қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ва мувофиқлаштириш каби йўналишлардаги фаолияти билан ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоосларини мустаҳкамлайди.

Боз устига, Парламент нафақат қонунларнинг сифати ва самарадорлигини оширишда, балки ҳокимиятлар ўртасидаги “бир-бирини тийиб туриш ва мувозанат сақлаш” тизимининг барқарор ишлашини таъминлашда, жисмоний ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини муҳофаза қилишда ҳам муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида Олий Мажлиснинг ваколатларини кенгайтириш бўйича тегишли қоидаларни Асосий қонунда белгилаш борасидаги таклифи эътиборга молик. Президент бир томондан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш бўйича фармон Сенат томонидан тасдиқланиши тартибини жорий этишни, бошқа томондан, Ҳукумат томонидан тайёрланган Коррупцияга қарши кураш бўйича йиллик миллий маърузани муҳокама қилиш масаласини парламент ваколатига киритиш таклифини илгари сурди. Коррупцияга қарши курашиш масаласи жамиятнинг барча соҳасига тааллуқли бўлгани боис Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш бўйича фармон Сенат томонидан тасдиқланиши мантиқан тўғри. Бу билан коррупцияга қарши курашиш соҳасида бажарилган ишлар атрофлича таҳлил қилиниши, муҳокама қилиниши билан бирга келгусида қай жиҳатларга эътибор қаратилиши лозимлиги тўғрисидаги масалалар ҳам халқ вакиллари томонидан муҳокама қилинади.

Сўнгги йилларда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, давлат ва жамият ишларида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш сари амалга оширилаётган ислоҳотлар тизимида халқнинг олий вакиллиги бўлган Олий Мажлиснинг ваколатларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Президентнинг айрим ваколатларини, хусусан, Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатини Сенатга ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бу орқали Ҳисоб палатаси Давлат бюджети шаклланиши ва ижросини таъминлашда парламент назоратининг муҳим воситасига айланади. Энг муҳими, давом эттирилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини энг олий қадрият даражасига кўтаришга хизмат қилади.

Бугун демократик принцип ва тамойиллар асосида чинакам фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида жамиятимизда олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланишлар сабаб Парламент ва маҳаллий Кенгашлар янгича шароит ва услубда фаолият олиб бораётир. Бу имконият ва сиёсий фаоллик депутатларимизга маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишда давлатимиз раҳбарининг тавсия ва кўрсатмаларидан сўнг анча жонланди. Тан олиш керакки, бундай очиқлик, шаффофлик, сўз эркинлиги ва демократик принциплар Президент сиёсий иродаси билан боғлиқдир.

Шунинг учун Президентимиз Конституцион ислоҳотлар муҳокамасига оид йиғилишда яна бир бор давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш мавзусига тўхталди. Бу ҳам бўлса, жойларда ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатини ажратиш билан боғлиқ масала. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришиш тантанали маросимдаги нутқида ҳам – халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш вақти келганлигини – таъкидлаб ўтгандилар. Бу бежиз эмас. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида маҳаллий Кенгашлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг ваколатлари кенгайди. Шундан келиб чиқиб, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш таклифи илгари сурилмоқда. Бу ислоҳотнинг жорий этилиши ҳокимият ваколатларининг бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга олиб келади. Ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, ҳокимликлар фаолияти устидан Кенгашлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Тан олиш керак, ҳокимликлар қарорларини маҳаллий кенгашлар тасдиғидан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилгани сабабли норозиликларга олиб келадиган ноқонуний қарорлар қабул қилиниши камайди. Аммо қизиғи шундаки, қарорларнинг ҳаққонийлигига баҳо берадиган, уни тасдиқлайдиган кенгашларга ҳокимлар раислик қилади. Бу ҳолат давлатимиз раҳбари томонидан ҳам танқид қилиниб, маҳаллий кенгашларга ҳокимлар раислик қилиши амалиётига барҳам бериш зарурлиги таъкидланди.

Гап шундаки, кимки ҳоким қароридан норози бўлса, идорама-идора, судма-суд юришига тўғри келар, адолатни тиклашга эса камдан-кам ҳолда эришилган. Фуқаролик жамияти асосларидан бири халқ иродаси бўлса, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий-руҳий ҳолатига фақат ҳоким жавобгар ё масъул эмас. «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг моҳиятини англасак, вилоят, шаҳар ва туманлардаги муаммо ва масалаларда маҳаллий ҳокимлик раҳбарияти қатори халқ вакиллари, яъни халқнинг хоҳиш-иродаси билан сайланган депутатлар ҳам масъулдирлар. Шундай экан, бу борада мувозанат муҳим роль ўйнайди. Фақат ҳоким қарор қилган, кўрсатма берган, режалаштирган масалаларни кўриш, қарорларини қабул қилиш эмас, депутатлар илгари сурган, эътироз билдираётган, таклиф этаётган масалалар амалда ҳам эътиборга олиниши керак. Бу борада ҳам анча ижобий ўзгаришлар бор, аммо муаммолар ҳам талайгина. Бу ҳолатни бартараф этиш учун тизимли ислоҳотлар зарур.

Демак, ҳокимнинг Кенгаш раиси мақомини бекор қилиш жараёни бошланди. Албатта, бу тизимга босқичма-босқич, тажриба ва кўникмаларни шакллантириш, шароитларни ўрганиб ўтилмоқда. Яъни кўриладиган чоралар, қабул қилинадиган қарор ва ишлаб чиқиладиган қонунлар амалда ўзини тўлиқ намоён этиб, аҳоли онгида «ҳоким» ва «депутат» тушунчалари янгиланиши керак. Ана шунда амалий натижаларга эришган бўламиз.

 Агар ҳоким депутатларга раислик қилиши ваколати бекор қилинса, Кенгаш раиси сайланса, фуқаролик жамияти ривожланишининг янги босқичига ўтган бўламиз. Қолаверса, ҳудудий раҳбарлар ўзгаргани билан стратегик вазифалар, мақсадлар ўзгармайди.

Ўзбекистон янги марралар сари илдамламоқда. Бу борада изланиш, рағбат, ижод баробарида эркинлик муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Янги давр, янгича руҳ ва истиқболли лойиҳалар самараси Ватанимиз, шу юртнинг фарзанди эканлигимиз билан янада фахрланишга ундайди. Тарих зарварақларида бу йиллар Ўзбекистондаги янги уйғониш даври сифатида ҳам ёзилажак. Бунинг учун эса ҳар биримиз фуқаролик позициямизда қатъий туриб, билимимиз, меҳнатимиз, жасорат ва садоқатимиз билан халқпарвар, Ватанпарвар шахс сифатида халқнинг дарди ва Юрт равнақи ташвиши билан яшашимиз керак.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш