Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти илмий тадқиқот университетининг Қарши ирригация ва агротехнологиялари институти маъмурияти ҳамкорлигида “Менинг Конституциям” мавзусига оид “Конституциявий ислоҳотлар – давр талаби” номли профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда олдимизда турган долзарб вазифалардан бири – Конституциямизни ислоҳ қилиш.
Конституциявий ислоҳотларни ўтказиш, бугунги кунда қуйидаги асосларга кўра ҳаётий заруратга айланди.
Биринчидан, халқ билан мулоқот тизими, инсон манфаатлари ва ҳуқуқларини Конституциявий даражада янада мустаҳкамланиши зарурий талабга айлантирилмоқда. Ер ислоҳоти, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ислоҳоти, монополиялар ислоҳоти ва бошқалар шулар жумласидандир.
Иккинчидан, “давлат-инсон учун” деган тамойилни Конституциявий даражада мустаҳкамлаш, мазкур тамойил асосида инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, давлат ҳокимияти органларининг баъзи ваколатларини фуқаролик жамияти институтларига ўтказиш заруриятини яна бир бор ижтимоий ҳаётнинг ўзи исботлади.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар мавзуга оид масалалар бўйича маъруза қилдилар. Таъкидлаб ўтилдики, ўз навбатида бизлар ҳам Конституцион ҳуқуқларимиздан фойдаланишимиз, сиёсий-ижтимоий фаоллигимизни оширишимиз талаб этилади. Бугунги сиёсий жараёнга бефарқ бўлмасдан, таклиф ва мулоҳазаларимизни ҳаётий ўзгаришларга таяниб тақдим этсак, мақсадга мувофиқ бўлиши билдирилди.
Шу орқали янги Ўзбекистоннинг пойдеворини бунёд этишга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Давра суҳбатида иштирокчилар томонидан Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар давр талаби, инсон қадри устувор бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарурий шарти ҳисобланади.
Асосий Қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кенг Жамоатчилик муҳокамаси ва таклифлари асосида амалга оширилаётгани юртимизда демократик тамойиллар устуворлигидан далолат беради.