Янги босқичга ўтган бўламиз

 

Бугун демократик принцип ва тамойиллар асосида чинакам фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида жамиятимизда олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланишлар сабаб парламент ва маҳаллий Кенгашлар янгича шароит ва услубда фаолият олиб бораётир. Бу имконият ва сиёсий фаоллик депутатларимизга маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишда давлатимиз раҳбарининг тавсия ва кўрсатмаларидан сўнг анча жонланди. Тан олиш керакки, бундай очиқлик, шаффофлик, сўз эркинлиги ва демократик принциплар Президент сиёсий иродаси билан боғлиқдир.

Шунинг учун Президентимиз Конституцион ислоҳотлар муҳокамасига оид йиғилишда яна бир бор давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш мавзусига тўхталди. Бу ҳам бўлса, жойларда ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатини ажратиш билан боғлиқ масала. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришиш тантанали маросимдаги нутқида ҳам халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш вақти келганлигини таъкидлаб ўтдилар. Бу бежизга эмас. Амалга оширган ислоҳотлар натижасида маҳаллий Кенгашлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари кенгайди. Шундан келиб чиқиб, ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш таклифи илгари сурилмоқда. Бу ислоҳотнинг жорий этилиши ҳокимият ваколатларининг бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини, ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга олиб келади. Ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, ҳокимликлар фаолияти устидан Кенгашлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Тан олиш керак, ҳокимликлар қарорларини маҳаллий кенгашлар тасдиғидан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилгани сабабли норозиликларга олиб келадиган ноқонуний қарорлар қабул қилиниши камайди. Аммо қизиғи шундаки, қарорларнинг ҳаққонийлигига баҳо берадиган, уни тасдиқлайдиган кенгашларга ҳокимлар раислик қилади. Бу ҳолат давлатимиз раҳбари томонидан ҳам танқид қилиниб, маҳаллий кенгашларга ҳокимлар раислик қилиши амалиётига барҳам бериш зарурлиги таъкидланди.

Гап шундаки, кимки ҳоким қароридан норози бўлса, идорама-идора, судма-суд юришига тўғри келар, адолатни тиклашга эса камдан-кам ҳолда эришилган. Фуқаролик жамияти асосларидан бири халқ иродаси бўлса, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий-руҳий ҳолатига фақат ҳоким жавобгар ё масъул эмас. «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг моҳиятини чақсак, вилоят, шаҳар ва туманлардаги муаммо ва масалаларда маҳаллий ҳокимлик раҳбарияти қатори халқ вакиллари, яъни халқнинг хоҳиш-иродаси билан сайланган депутатлар ҳам масъулдирлар. Шундай экан, бу борада мувозанат муҳим роль ўйнайди. Нуқул ҳоким қарор қилган, кўрсатма берган, режалаштирган масалаларни кўриш, қарорларини қабул қилиш эмас, депутатлар илгари сурган, эътироз билдираётган, таклиф этаётган масалалар амалда ҳам эътиборга олиниши керак. Бу борада ҳам анча ижобий ўзгаришлар бор, аммо муаммолар ҳам талайгина. Бу ҳолатни бартараф этиш учун босқичли ислоҳотлар зарур.

Демак, ҳокимнинг Кенгаш раиси мақомини бекор қилиш жараёни кун тартибига чиқади. Албатта, бу тизимга зинама-зина, тажриба ва кўникмаларни шакллантириш, шароитларни ўрганиб ўтилмоқда. Яъни кўриладиган чоралар, қабул қилинадиган қарор ва ишлаб чиқиладиган қонунлар амалда ўзини тўлиқ намоён этиб, аҳоли онгида «ҳоким» ва «депутат» тушунчалари янгиланиши керак. Ана шунда амалий натижаларга эришган бўламиз.

Агар ҳоким депутатларга раислик қилиши ваколати бекор қилинса, Кенгаш раиси сайланса, фуқаролик жамияти ривожланишининг янги босқичига ўтган бўламиз. Қолаверса, ҳудудий раҳбарлар ўзгаргани билан стратегик вазифалар, мақсадлар ўзгармайди.

Ўзбекистон янги марралар сари олдинга илдамламоқда. Изланиш, рағбат, ижод баробарида эркинлик бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Янги давр, янгича руҳ ва истиқболли лойиҳалар самарасидан Ватанимиз билан шу юртнинг фарзанди эканлигимиз билан фахрлансак арзийди. Тарих зарварақларида бу йиллар Ўзбекистондаги янги уйғониш даври сифатида ҳам ёзилажак. Бунинг учун эса ҳар биримиз фуқаролик позициямизда қатъий туриб, билимимиз, меҳнатимиз, жасорат ҳамда садоқатимиз билан эл-юрт учун ишлашимиз ва яшашимиз керак.

 

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 22.06.2022, №25

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш