2022 йил 23 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Йиғилишда Конституциямизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф-мулоҳазалар билдириш асносида янги даврдаги ислоҳотлар натижасида халқ билан давлат ўртасида мулоқотнинг янги даражаси вужудга келганлиги алоҳида таъкидланди.
Жумладан, куни кеча мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви давомида Бош қомусимизни янада такомиллаштириш юзасидан билдирган таклиф ва ташаббуслари, биринчи навбатда, фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли тарзда таъминлашга, шунингдек, эҳтиёжманд аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида, фракция аъзолари Конституциямизга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт Стратегиясида белгиланган вазифалардан, фуқаролар ва жамоавий таклифлар ҳамда жаҳон конституциявий тажрибасини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш асосида шакллантирилганини эътироф этдилар.
Конституциявий қонун лойиҳасида Конституциянинг амалдаги тузилмасини сақлаб қолган ҳолда, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Фракция аъзолари Конституциявий қонун лойиҳасида Халқ демократик партиясининг устувор дастурий ғоялари, кенг жамоатчилик, электорат вакилларидан келиб тушган таклифлар акс этаётганига эътибор қаратишди.
Муҳокамалар чоғида депутатлар лойиҳа “Ўзбекистон – ижтимоий давлат”, деган тамойил асосида тақдим қилинаётгани алоҳида эътироф этишди. Ижтимоий давлат ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат принциплари асосида муносиб яшаш шароитларини яратиб беради. Шунинг билан бирга, бу жамиятда турли хил табақаланишларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир.
Конституциявий қонун лойиҳасида фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитларини кафолатлаш таклиф этилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат томонидан муҳофаза этилиши ва қўллаб-қувватланиши белгиланаётганини электорат манфаатлари нуқтаи-назаридан маъқулладилар.
Алоҳида эътиборга муҳтож болалар учун таълим муассасаларида инклюзив таълим ташкил этилиши каби меъёрларнинг киритилиши депутатлар томонидан алоҳида эътироф этилди.
Конституциявий қонун лойиҳасининг тарихий ижтимоий-сиёсий аҳамияти юқори эканидан келиб чиқиб, фракция аъзолари кенг жамоатчилик, электорат вакиллари, маҳаллалар фаоллари, меҳнат жамоалари иштирокида муҳокамалардан ўтказиш, айни пайтда янги меъёр ва қоидаларнинг мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтириш ва тарғиб қилиш долзарб масала экани таъкидланди.
Фуқароларнинг устувор ҳуқуқлари, эркинликларини кафолатлашга, инсоннинг шаъни, қадр-қимматини оширишга, халқимизнинг турмуш фаровонлигини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришига хизмат қилишини эътиборга олиб, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.