Партия фахрийларининг таклифлари олинди

 

Бугун Ўзбекистон ХДП томонидан Конституциявий ислоҳотларга тарғибот ташвиқот ишлари доирасида “Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда фахрийларнинг фаол иштирокини таъминлаш” мавзусига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Партия фракцияси аъзолари, Марказий Кенгаш масъуллари, нуронийлар ва фаоллар иштирок этган тадбирни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фахрийлар Кенгашининг раиси, иқтисод фанлари доктори, профессор Шарбат Абдуллаева кириш сўзи билан очиб, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясидаги устувор мақсадларини амалга ошириш, ўз навбатида, миллий қонунчиликни давр талабларига мувофиқлаштиришни тақозо этишини таъкидлаб ўтди.

Йиғилишда Конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш аҳолининг фуқаролик фаоллиги ошиб бораётган шароитда бошлангани алоҳида тилга олинди. Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича келиб тушган таклифлар ва партиянинг таклифларини тайёрлаш бўйича 15 нафар республика ва 70 нафар ҳудудий ишчи гуруҳлари томонидан амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 20 июнь куни Президентимизнинг Республика Конституциявий комиссияси аъзолари билан учрашувидаги нутқида илгари сурилган масалалар ҳақида атрофлича гапириб берилди. Учрашув давомида давлатимиз раҳбари конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти, асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилаш, Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозимлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилиб ўтганликлари таъкидланди.

Давра суҳбатида партия фахрийларининг конституциявий ислоҳотларга муносабати, таклифлари тингланди. Жонли, самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувда олинган таклиф, фикр-мулоҳазалар ишчи гуруҳи томонидан ёзиб олинди. Улар умумлаштирилган ҳолда мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилади ва Конституциявий комиссияга тақдим этиш чоралари кўралади.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Фахрий Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш