Ижтимоий давлат халқимизнинг азалий орзусидир

 

Фаробий фозил жамиятни шундай ёрқин тасвирлайди: “Давлатнинг вазифаси инсонларни бахт-саодатга олиб боришдир”.

Президентимиз Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқида Асосий қонунимизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат”, деган тамойилни мустаҳкамлашни таклиф этди. Мана шу таклиф асносида алоҳида кўрсатиб ўтилган аниқ йўналишлар Фаробий орзу қилган фозил жамият ғоясига ҳамоҳангдир.

Тарихимизга чуқур назар ташлайдиган бўлсак, халқимиз, аждодларимизнинг асрлардан асрларга ўтиб келган орзуларидан бири бу - ҳозирги тил билан айтганда ижтимоий давлатдир.

Масалан, Фаробийнинг фозил жамият, инсон ва унинг бахт-саодати, ўзаро ёрдам, доно етакчи, тенглик ҳақидаги фикрлари ўз даври учун хаёлот эди. Бироқ, бу таълимот илғор ижтимоий тафаккур тараққиётига буюк ҳисса бўлиб қўшилди. Унинг ижтимоий ғоялари кейинчалик мутафаккирлар Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Низомий, Саъдий, Алишер Навоий, Аҳмад Дониш ва бошқалар ижодида ривожлантирилди.

Бугунги кунга келиб ижтимоий давлат тушунчасининг ҳам илмий-назарий, ҳам амалий-ҳаётий жиҳатдан афзалликлари исботланган.

 Маълумки, ижтимоий давлат бу - ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат тамойилларига асосланади. Асосий мақсад эса ҳар бир фуқаронинг яшаш тарзини юқори даражага кўтариш, аҳолининг турмуш шароити ва сифати жиҳатидан табақаланишига яъни уларнинг яшаш учун кетадиган сарф-харажатларида кескин фарқ бўлишига йўл қўймаслик. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмига давлат томонидан кафолатлар тизимини яратиш орқали ёрдам кўрсатиш, яъни ижтимоий тафовутларни камайтиришдир.

Шунингдек, меҳнатга лаёқатли ҳар бир инсоннинг бандлиги таъминланиши, ўзи ва оиласининг муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақига эга бўлиши, ишчи, ходим учун хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши, ишсизликдан ҳимояланиши, сифатли таълим, малакали тиббий хизмат олиши ижтимоий давлат яратадиган имкониятлардир. Бундан ташқари, оилалар, болалар, аёллар, кексалар, ногиронлиги бор шахслар ҳар томонлама қўллаб- қувватланади.

Аслида кейинги йилларда мамлакатимизда бу каби масалаларга эътибор юқори даражага кўтарилгани, давлат бюджетининг асосий қисми ижтимоий маслаларга йўналтирилаётгани, айниқса, камбағалликни қисқартириш, аҳолининг ижтимоий муҳтож қатламига ёрдам кўрсатиш, ижтимоий соҳалар ва ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш борасида самарали натижаларга эришилаётганига барчамиз гувоҳмиз. Айтиш мумкинки, юртимизда жорий этилган “темир дафтар”, “аёллар дафтари” “ёшлар дафтари” ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар, аёллар ва ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этишда энг самарали тизим сифатида ўзини исботлади. Ана шундай кўплаб мисоллардан келиб чиқиб, ижтимоий давлатчилик Ўзбекистонда ҳам ўзига хос тарзда ривожланиб бораяпти, десак муболаға бўлмайди. Бу тамойилнинг Асосий қонунимизда акс этиши эса Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатидаги мақомини нафақат ўзимизда, балки халқаро муносабатларда ҳам ҳуқуқий мустаҳкамлайди.

Президентимиз “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларнинг бош тамойили бўлган “Инсон - жамият - давлат”, деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмун-моҳиятига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарур”, дея таъкидлади ўз нутқида. Демак, бу орқали инсоннинг ҳаёти, қадр-қиммати, шаъни, ғурури устуворлиги ҳуқуқий мустаҳкамланади. Кўриниб турибдики, бу ғоянинг туб негизида инсон қадрини улуғлаш, унга муносиб яшаши учун шароитлар яратиш, хизмат кўрсатиш мақсадлари мужассам.

Бир оддий ҳақиқат бор: халқ қачон давлатнинг сиёсати, жамиятдаги ислоҳотларга қизиқади? Ўзининг муносабатини билдиради, таклифлар беради? Қачонки, ўтказилган ислоҳотлар уларнинг ҳаётида ижобий ўзгариш ясаган бўлса ва келажакдаги ислоҳотларга ишонса.

Шу жиҳатдан кейинги йиллардаги инсон қадрини улуғлаш, инсон манфаатини таъминлаш, одамларни ҳаётидан рози қилиш борасидаги кенг кўламли ишлар одамларнинг келажакка бўлган ишончига пойдевор бўлди, десак, тўғри бўлади.

Президентимиз ўз нутқида фуқароларимиздан ҳозиргача 48 минг 492 таклиф келиб тушганини таъкидлади. Бу, аввало, конституциявий ислоҳотлар зарурати мавжудлигини, қолаверса, халқимизнинг сиёсий онги, ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксалиб, юрт тараққиётига даҳлдорлик ҳисси ортиб бораётганини, энг муҳими, шу юртда ўз оиласининг келажагига ишончини кўрсатади. Айниқса, Президентимизнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқида илгари сурган таклифларидан Қорақалпоғистонда, халқимизнинг кўнглида яна бир тўлқин пайдо бўлди.

Зеро, бу таклифлар ҳар бир инсоннинг дилидан жой оладиган ниҳоятда халқчил таклифлар эди. Шу боисдан ҳам бутун халқимиз, Конституциямизга киритилаётган ўзгартиришларни қўллаб-қувватламоқда, нафақат қўллаб-қувватламоқда, балки ўзларининг ҳам таклифларини билдирмоқдалар.

Ўз даврининг етук олимларидан бири Д.И.Логофет "Темур тузуклари"ни ўрганиб ва унга юксак баҳо бериб, “Туркистонда ҳуқуқий давлат ва Конституциявий кодекс Европадан 500-400 йил олдин вужудга келган”, деган фикрни илгари сурган экан.

Конституциявий ислоҳотларда мамлакатимиз аҳолисининг барча қатламлари фаоллик кўрсатаётгани бежиз эмас. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, мамлакатимизда инсон қадрланадиган ижтимоий давлатни ривожлантиришга ҳуқуқий асос бўладиган Конституциямизни такомиллаштиришда янада фаол бўлайлик.

 

Назира Матяқубова,

“Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш