Инсон қадри ва манфаатлари учун

 

Конституциявий ислоҳотларнинг натижаси ҳар бир инсоннинг тақдирида акс этиши шубҳасиз. Бугунги кунда мамлакатамизда муҳим сиёсий жараёнлар амалга оширилмоқда. Конституциявий комиссиянинг баёнотларини тинглар эканман, ҳалқимиз сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётга бефарқ эмаслиги ҳамда эртанги кун бунёдкорлари сифатида иштирок этиш насиб қилганидан мамнунлигига гувоҳ бўляпман.

Айниқса, ёшларимиз томонидан билдирилган таклифлар салмоғи салкам 70 фоизни ташкил этиши, ёшларимиз эртанги кунга бефарқ эмаслиги, хуқуқий билимлари етарли даражада эканлигини англатади.

Инсон – олий қадрият тамойили асосида инсоннинг шаъни ва қадр қимматини, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, риоя этиш ҳамда ҳимоялаш давлатнинг мажбурияти сифатида белгиланиши, албатта энг асосий мақсадимиз “Инсон-жамият-давлат” принципи асосида қонунчиликда туб бурилишга сабаб бўлади.

Ҳар бир инсон ўз ҳуқуқи ва эркинлиги билан дунёга келади, уни бошқалар томонидан эгаллаб олиниши ёки камситилишига йўл қўйилмаслиги зарур. Ўзбекистон эркин бозор иқтисодиёти ва кучли ижтимоий ҳимоялаш тизимига асосланган демократик ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан дадил бормоқда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ушбу мақсадлар йўлида янги нормаларнинг киритилиши қонунчиликка муҳим ҳуқуқий замин, жамиятимизда барқарорлик, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилиши кўзда тутилган “Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади” деган норманинг киритилиши ҳам инсоннинг қадр қимматини оширишга ҳамда халқпарвар давлатни барпо этишга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини таъминлашда жуда кўп ислоҳотлар амалга оширилди. “Ҳаракатлар стратегияси”да ҳам суд хокимияти мустақиллигини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, жамоатчилик назоратининг барча усулларини ҳаётга тадбиқ қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Таклиф этилаётган "инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун қонунда таъқиқланмаган ҳар қандай усуллардан фойдаланиши мумкин" дея такомиллаштирилиши жамиятда йиллар давомида йиғилиб қолган, ўз ечимини кутиб турган муаммоларни қонунчилик асосида бартараф этилишига фундаментал асос сифатида хизмат қилади.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш