Учинчи Ренессанснинг ҳуқуқий асоси

Ренессанс қандай ҳодиса? У қачон юзага келиши мумкин? Тарихдан маълумки, Ренессанс, деб аталадиган ҳодисаларни шахслар юзага келтирган. Шахслар шаклланиши учун уларнинг ҳуқуқи, қадр-қиммати юксалиши тақозо этилади.

Қонунларга, конституцияларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳар бир жамият тарихида кузатиладиган ҳодиса. Бундай чораларни белгилашга зарурат, айниқса, ўтиш даврини бошдан кечирган давлатлар тарихида яққол кузатилади. Бунда Конституцияни ўзгартириш аксарият ҳолларда жамиятни янгиланиш сари ҳаракатлантириш мақсадида мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ёки ижтимоий ҳаётига илғор (прогрессив) ғояларни олиб кириш учун амалга оширилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқида илгари сурилган таклиф ва ташаббусларини тинглаб, яна бир бор ўрганиб, миллий давлатчилигимиз тарихида янги бир давр бошланаётганига амин бўлдик.

 

Камолоту мартаба қомуси

Буюк бобомиз Амир Темур сиёсат ва дипломатия, ҳарбий иш, давлатни иқтисодий бойитиш ва ижтимоий тараққий эттириш, дину диёнат ва адолатни қарор топтириш, салтанат ишларини амалга ошириш борасида узоқни кўзлаб иш тутганини “Темур тузуклари” асарида аниқ кўришимиз мумкин ва бу асар қомусий тавсифга эга бўлган, десак, айни ҳақиқат. Ушбу нодир асар устида тадқиқот олиб борган олимларимиз мулоҳазаларини эътиборга олган ҳолда, айтиш мумкинки, ушбу ёдгорлик ўша давр фалсафасидан келиб чиқиб, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий муносабатларда янгича тартиб ва қоидаларни белгилашнинг ҳаётий зарурати эди.

“Темур тузуклари” замон зарурати ва талаби билан салтанатни янгича тузиш, давлат бошқарувини раиятнинг манфаатларидан келиб чиқиб амалга ошириш тамойиллари, тартиб-таомилини белгилаб берувчи асар бўлган. Чунки кўп заҳматларни бошдан кечирган халқ буюк Темур ҳукмдорлиги даврига келиб юзага келган сиёсий ва иқтисодий вазиятда, Низомиддин Шомий таъбири билан айтганда, “камолоту мартабаларга ўзининг етук саъй-ҳаракати ва жидду жаҳди билан эришиш”га азму-қарор қилинган. Шу аснода инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, миллий қадриятларга амал қилиш, маънавий бойликларимизни орттириб боришни белгиловчи таълимот яратилган. Умуман олганда, “Темур тузуклари” ўзбек давлатчилиги тарихидаги Иккинчи Ренессанснинг ҳуқуқий манбаси бўлиб хизмат қилган.

 

Янги давр талаби

Президентимиз нутқида билдирилган ҳар бир таклиф бугунги реал ҳолат, ҳаёт билан боғлаб тушунтирилиб, чуқур асослаб берилди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишнинг аниқ мақсад ва вазифалари белгилангани мамлакатимизда инсонпарвар, ҳуқуқий, демократик давлат қуриш борасида том маънода янгича давр, шарт-шароитларга мос янги конституциявий асослар яратиш ҳамда қонунчилик базасини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу маънода, Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “асосий қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка, шиддатли ислоҳотларимиз мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифага айланмоқда”.

Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, халқ билан мулоқот жараёнлари кўрсатдики, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаронинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида мустақилликка эришилгандан кейинги чорак аср давомида кўплаб муаммолар тўпланиб қолган эди. Хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, тиббиёт ва таълим соҳаларида кўплаб муаммолар юзага келди. Шунингдек, мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнати мамлакатнинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузига ўта салбий таъсир кўрсатди, ишсизлик ва камбағалликнинг ҳақиқий ҳолати кенг жамоатчиликка ошкор этилмади.

Кейинги 5-6 йил ичида юқоридаги муаммоларни бартараф этиш борасида мамлакатимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида эҳтиёжманд қатламни уй-жой билан таъминлаш йўналишидаги натижалар ҳақида мисол келтирди. Мамлакатимизда ўтган беш йилда қарийб 500 мингта янги уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилгани, биринчи марта аёллар ва ёшларга, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш тизими йўлга қўйилгани, 2022-2026 йилларда эса реновация ва уй-жойлар дастурлари доирасида шаҳарларда маънан эскирган уйлар ўрнига 19 миллион квадрат метрдан ортиқ замонавий уй-жойлар барпо этилиши, бунинг ҳисобидан 275 мингдан зиёд оила янги массивларга кўчиб ўтиши маълум қилинди.

Бу натижаларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ, албатта. Президентимизнинг ғамхўрлиги, талабчанлиги туфайли муҳтожларга енгилликлар яратилган ҳолда давлат ёрдами билан янги уй-жойлар бериляпти. Бу ишлар ҳудудларда ҳар доим бардавом бўладими, деган савол ўта долзарб. Шу нуқтаи назардан, Конституциямизда фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уйжой билан таъминлаш бўйича давлат мажбуриятларини мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақидаги таклиф муҳим аҳамиятга эга.

Умуман, ижтимоий ҳимоя йўналишида кейинги йилларда бир қанча муҳим қонунлар қабул қилинди, қонунчилик базаси такомиллаштирилди. Лекин бугунги бўлаётган ўзгаришлар фонида Конституцияда тўлиқ қамраб олинмаган масалалар ҳам йўқ эмас экан. Масалан, Конституциянинг аҳоли ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ҳимоялашга бағишланган 45-моддасида “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир”, деб белгиланган. 2020 йилда қабул қилинган “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг 38-моддасига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари анча кенг қамраб олинган. Ушбу тоифалар жумласига ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота ёки она, шунингдек, кўп болали оилаларнинг ота-оналари, касб-ҳунар мактаблари ва коллежларини тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар, Меҳрибонлик уйлари битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар, одам савдосидан жабрланганлар ва қонунчиликка мувофиқ бошқа шахслар киритилган.

Бугунги кунда аҳолининг ушбу ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари ҳаёт сифатини ошириш, уларга жамият ва давлат ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг шароитлар яратиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Ижтимоий муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизимлари хотин-қизлар, ёшлар, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида самарали тизимга айланмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари моддий, маънавий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондиришга, уларга жамият ва давлат ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг иштирок этиши учун шароит яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятини кенгайтиришга қаратилган чоралар кўришини Конституцияда белгилаб қўймоқда. Бу “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга кенг йўл очади. Чунки ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш шароити учун замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб бериш, шахснинг қонун билан қўриқланадиган шаъни, қадр-қиммати ва мулк ҳуқуқи қонунда белгиланган тартибда ҳимоя қилинишини кафолатлаш борасида амалдаги қонунлар такомиллаштирилиши давр талабига айланиб бўлган.

 

Инсон шаъни ва қадр-қиммати — олий қадрият

Инсон қадр-қиммати, унинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида билдирилаётган таклифлар Конституциявий комиссия аъзоларининг алоҳида эътиборида турибди. Бу борада одил судловни таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган таклифларга комиссия томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча айбдор ҳисобланмаслиги ҳамда судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилиши бўйича тушган таклифлар ҳуқуқшунос олимлар томонидан асослаб берилди.

Конституциянинг 13-моддасига мувофиқ, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Лекин инсоннинг шаъни, ор-номуси дахлсизлигини таъминлаш, инсонни камситиш, обрўсизлантириш, ҳақорат қилиш, таҳқирлаш каби қонунга зид хатти-ҳаракатлар жамиятимизда учраб тургани халқимизни безовта қилаётган масалалардан бири эканини келиб тушаётган таклифлардан англаш мумкин. Шуларни инобатга олган ҳолда, айбдорликка оид барча шубҳалар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган тақдирда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлиги мутахассислар томонидан етарлича асослаб берилди. Шунингдек, ҳеч бир шахс қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги таклиф этилади. Ҳеч бир шахс ўзига, ўз турмуш ўртоғига ва қонунда белгиланган яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслигига оид таклифлар кўриб чиқилмоқда.

 

Ҳимоя институтларини мустаҳкамлаш зарур

Конституциянинг 27-моддасига биноан, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Шаън инсоннинг қадр-қиммати, обрў-эътиборини муҳофаза қилишни англатар экан, уни ҳимоя қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий, жиноий-ҳуқуқий ва фуқаровий-ҳуқуқий ҳимоя институтларини мустаҳкамлаш борасида таклиф ва тавсиялар билдирилмоқда. Мана шундай ҳимоя институтларидан бири сифатида адвокатурани кўрадиган бўлсак, ушбу тизимни ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида қонунчиликка бир қанча ўзгартиришлар киритилди. Шунга қарамасдан, суд ишини юритишнинг барча босқичларида томонлар тортишуви принципининг лозим даражада ишлашини ташкил этишда адвокатура институтининг ролини ошириш зарурати сақланиб қолмоқда.

Адвокатура одамлар ишончини қозонган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айланиши учун Конститутцияда суд ва прокуратура тизими сингари адвокатура тизимига оид бир қанча моддалар киритилиши таклиф қилинмоқда. Хусусан, адвокатнинг касбга оид ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланиши, унинг касбий фаолиятига у ёки бу тарзда бевосита ёки билвосита аралашиш, унга бирор-бир шаклда таъсир ўтказишга йўл қўйилмаслигига оид таклифлар ўрганилмоқда. Шунингдек, ҳар бир шахс ўз танловига кўра ва жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганда эса, унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан бошлаб адвокат олиш ҳуқуқига эга бўлиши, ушланган, айбланган, судланган ва ҳукм қилинган шахсга адвокат билан тўсқинликсиз ва холи учрашувлар ҳамда маслаҳатлашувлар учун зарур шарт-шароитлар таъминланиши масаласида амалиётчилар, мутахассис ва экспертлар фикрлари ўрганиляпти.

Президентимизнинг конституциявий ислоҳотлар бўйича илгари сурган, шунингдек, кенг жамоатчилик ва олимлар томонидан қўллаб-қувватланаётган таклиф-ташаббуслари миллий давлатчилигимиз тарихида инсон ўрни, қадри ва аҳамиятини оширишга асос бўлади. Умуман, конституциявий ислоҳотлар жараёнидан англаш мумкинки, мамлакатимизда Учинчи Ренессанснинг конституциявий-ҳуқуқий манбаси яратиляпти. Давлатимиз раҳбари илгари сурган, халқимиз қўллаб-қувватлаётган ислоҳотларнинг марказида инсон турибди. Ренессанс марказида ҳам ҳар доим инсон туради.

 

Шарофиддин Назаров,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси,

Конституциявий ислоҳотлар комиссияси аъзоси,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

“Янги Ўзбекистон”, 24.06.2022, №125

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш