Ўзбекистон ХДП “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамасидан ўтказишда партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш юзасидан долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Партиямиз Марказий Кенгашида шу масала бўйича ўтказилган махсус йиғилишда ҳудудий ва маҳаллий кенгашлар раҳбарлари, масъул ходимлари, тарғибот гуруҳи аъзолари фикр алмашишди.
Йиғилишда ислоҳотлар натижасида халқ билан давлат ўртасидаги мулоқот янги босқичга чиққани, Бош қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича аҳолининг барча қатламларидан таклиф-мулоҳазалар сўралаётгани, қонун лойиҳасида уларнинг фикрлари инобатга олингани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва халқимиз ҳаётидаги аҳамияти ҳақида тушунтириб ўтилди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ҳар бир инсон, ҳар бир фуқаро учун муҳим экани қайд этилди. Халқ демократик партияси мазкур жараёнларга жамоатчилик муҳокамасида муносиб қатнашиш мақсадида ўз олдига қатор вазифаларни белгилаб олди.
Хусусан, жорий йилнинг 25 июнь кунидан 5 июлга қадар партия фракцияси аъзолари, кенг жамоатчилик, электорат вакиллари, маҳалла фаоллари, депутатлар, меҳнат жамоалари иштирокида ушбу қонун лойиҳасини муҳокамалардан ўтказиш бўйича 900 дан зиёд тадбирни ўзида жамлаган партиянинг тарғибот ва ташвиқот режаси ишлаб чиқилди.
Ушбу режада белгиланган тадбирларни ўз вақтида, юқори савияда ташкил қилиш, бу ишга партиянинг 1200 нафардан ортиқ тарғиботчилари, 1600 нафардан ортиқ Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, 10 мингдан зиёд бошланғич ташкилотларини кенг жалб қилиш, Конституциявий қонун лойиҳасига фуқаролар, партия аъзолари ва фаолларининг ўз таклифларини беришлари учун зарурий шарт-шароит яратиш, хусусан, ўтказилаётган тадбирлар давомида фуқароларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазаларини умумлаштириб боришга эътибор қаратиш, ҳар куни партия марказий кенгашидаги ишчи гуруҳга тақдим этишни давом эттириш вазифалари юклатилди.
Республикамиз бўйлаб, аҳоли зич жойлашган шаҳарлардан тортиб, энг олис, чекка ҳудудларгача ҳар куни ўтказиладиган мулоқот, давра суҳбати, учрашувлар барча аҳоли қатламларига мўлжалланган бўлиб, “Конституция – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари кафолати”, “Конституцияда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” ғоясининг белгиланиши”, “Конституция: маҳалланинг мақоми ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифалари”, Конституциявий ислоҳотлар – халқпарвар давлат барпо этишнинг муҳим шарти, “Конституция: оила институтини ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари”, “Конституциявий ислоҳотларнинг маҳаллий Кенгашлар фаолиятини кучайтиришдаги ўрни”, “Конституциявий ислоҳотларнинг ёшлар ва болалар ҳуқуқларини мустаҳкамлашдаги ўрни”, Конституцияда ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимоясининг кафолатланиши каби мавзуларда ранг-баранг тадбирлар бўлиб ўтади.
Конституциявий ислоҳотлар жамиятнинг барча жабҳаларини қамраб олар экан, қонун лойиҳасида назарда тутилган ҳар бир масала хусусида кенг тушунчалар бериш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда тадбирларни ташкиллаштириш билан боғлиқ тавсиялар ҳам берилди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати