Ўзбекистон Қаҳрамонлари Конституция ва ислоҳотлар ҳақида

 

Болага ҳеч ким ота-оначалик муҳим бўлолмайди

 

Камолиддин ГОПИРОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Андижон вилояти:

— Президент Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда Бош Қомусимизга “Ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир”, деган қоидани киритишни таклиф этар экан, бу ёш авлод тақдири учун масъулиятни янада оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Ёшларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида ота-она масъулиятини ошириш лозим. Бугунги кунда бу меъёрлар бироз эътибордан четда қолаётгандек, назаримизда. Кўпчилик ота-оналар болам мактабда, боғчада, ўқишда таълим ҳам, тарбия ҳам олади, деб ўйлашади. Болаларининг куни, вақти, фикр-ўйлари билан кўпам қизиқмайди. Уларга вақт ажратолмайди. Уйдан эрта чиқиб кетиб, фарзандлари ухлаганда уйга келадиган оталар бор. Ёки рўзғор тебратиш мақсадида чет элга ишлаш учун кетганлар бор. Улар доим ёки мунтазам болалари билан мулоқот қилолмайди.

Лекин ота-она ҳар қандай ҳолатда ҳам биринчи ўринда фарзанд тарбиясига эътибор қаратиши керак. Билим олиши, ҳунар эгаллаши учун шароит қилиб бериши керак. Ўқувчиларимизга кўп айтаман, таниқли сиёсатчи аёл Маргарит Тетчер хонимга отаси болалигида қўлига китоб бераркан, уни ўқиб, ўрганганларини айтиб берганидан кейингина ўртоқлари билан ўйнашга рухсат берар экан.

Ота-она ҳар куни ҳеч бўлмаганда ярим соат фарзандлари билан суҳбатлашиши керак. Ўқиган китоби, қаҳрамонлари, қизиқишлари ҳақида гаплашиши, ютуқларидан фахрланиши, унга рағбат бериши жуда муҳим. Фикрларини ҳурмат қилсин, боласига кўпроқ меҳр берсин. Катталарни ҳурмат қилишга чорласин. Оиласи, маҳалласи, мактаби учун яхшилик қилишини уқтириши, бу сенинг маҳалланг, кўчанг, ака-укаларинг, қариндошларинг, деб қалбида инсонларга, ҳаётга меҳр-муҳаббатни шакллантириш керак.

Боғча, мактаб таълим-тарбияни баробар олиб боролмайди. Бола мактабда ҳар хил ўқитувчилар билан мулоқот қилади. Умумий тарбияни бериши мумкин, аммо туйғуларни шакллантира олмайди. Шу боис таълимни ҳам, тарбияни ҳам ота-она тўлдириб бориши керак. Янги Конституцияга бу борада тақдим этилаётган таклифни тўла қўллаб-қувватлайман.

 

Хавфсиз меҳнат шароити мамлакат учун муҳим

 

Фарҳод СОЙИБОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Навоий вилояти:

— Биласизми, демократия ҳақида гап кетганда одатда бир мисолни айтаман. Масалан, демократиянинг энг олий намуналари борлиги таъкидланадиган Америкада мактабда 3 та тилда ўқитилади, бизда эса 7 тилда дарс берилади. Шунинг ўзиёқ кўп масалаларни ойдинлаштиради. Бугунги кунда Конституцияга ўзгартиришлар киритилишига оид ислоҳотлар замирида ҳам кўп миллатли халқимизнинг манфаатлари ифода этилган.

Бироз ўзим ҳақимда гапирсам. 70-йилларда мактабни тамомлаганман ва маълумотим олий бўлмаса ҳам олтин қазиб олиш заводига ишчи кучи етишмагани боис ишга кирганман. 1980 йилга келиб уста бўлганман. Орадан 9 йил ўтиб катта уста, кейинчалик эса цех бошлиғи лавозимига кўтарилганман. Заводдаги биринчи ўзбек раҳбарлардан эдим. Мустақилликка эришгач, сафимиз анча кенгайди. Ёшларга иш ўргатиш, уларнинг малакасини оширишга эътибор қаратилди.

Уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, ишлаш учун муносиб шароит яратишга эътибор қаратилади. Лекин хавфсизлик масаласи Конституцияда кафолатланиши жуда муҳим эди. Мисол учун, боши ёрилиб, кўзи чиқиб кетгач, бошида каска, кўзида ҳимоя кўзойнаги бўлиши кераклиги билан боғлиқ чоралар кўрилган. Ушбу тартиб йўриқномалардан жой олган. Йўриқномага қон билан ёзилган бўлса-да, амалда ишчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда мустаҳкам асосга зарурат бор эди. Қонунларнинг бажарилиши қатъий назорат қилиниши ҳам керак.

Шу кеча-кундузда ҳам корхонада, ташкилотда хавфсизлик кафолатланмаса, ишчи-ходим жароҳатланса, ўша ташкилотга ташқи банклар кредит бермай қўяди. Масалан, биз акциядор жамиятга айлантирилганмиз. Демак, бизда шундай ҳолат кузатилса, корхонамизга нисбатан ишонч камаяди, инвесторларда норозилик юзага келади. Мана шунинг учун ҳам ушбу меъёрни Конституцияга киритиш керак. Агар Асосий қонун билан меҳнат фаолиятидаги хавфсизлик кафолатланса, нафақат инсон ҳуқуқлари таъминланади, балки инвесторларнинг ҳам эътиборини тортади. Ҳамкорлик қилишни истовчилар сафи кенгаяди.

 

Таълим-тарбияда ҳеч қачон танаффус бўлмайди

 

Шавкат АЮПОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Тошкент шаҳри:

– Халқимиз азалдан илмли, маърифатли кишиларни қадрлаган, илм аҳлини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. Шундан бўлса керак, халқ орасида “Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни”, деган нақл кенг тарқалган. Бугунги давр талабларига мос равишда ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, халқ манфаати йўлида бор салоҳиятини сафарбар қиладиган, шижоатли ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун юртимизда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилган.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг аҳоли, қолаверса, ёшларни илм-фанга чуқур йўналтиришга қаратилган ташаббуслари мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ҳамда олий таълим тизими ҳамда илмий-тадқиқот марказлари фаолиятида яққол кўзга ташланмоқда. Ёшлар орасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, компьютер саводхонлиги, касб-ҳунар эгаллашга қаратилган янгича ёндашув, ўз билим ва кўникмаларини халқаро майдонда муносиб намойиш этишга қодир фарзандларимиз кун сайин кўпаяётгани ҳар биримизнинг қалбимизда ифтихор туйғуларини уйғотади.

Мамлакатимизда илм-фан ривожига қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилди, 3 ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни боғчаларга қамраб олиш даражаси босқичма-босқич ошириб борилмоқда. Иқтидорли болалар учун махсус фанларга ихтисослаштирилган мактаблар кўпаяпти, қишлоқ мактабларидаги шарт-шароитлар ҳам шаҳар мактабларидан қолишмаслиги, билимга чанқоқ ёшларнинг сони кун сайин ошиб бораётгани ҳам таҳсинга лойиқ. Олий таълимда ҳам янгиликлар талайгина.

Давлатимиз раҳбари Бош Қомусимизда давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб бериш билан боғлиқ нормалар ҳам бўлиши кераклигини бежиз таъкидлаганлари йўқ.

Таълим-тарбия узлуксиз жараён бўлиб, унда ҳеч қачон танаффус бўлмайди. Бу юксак масъулият талаб этадиган жараёндир. Шунинг учун ҳам таълим ва тарбия ижтимоий ислоҳотлар занжиридаги энг муҳим ҳалқа ҳисобланади. Боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фаннинг уйғун бўлиши, конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилиши эса ҳаммамиз учун бирдек қувончли.

 

Оналар ва аёллар муҳофазаси кучаяди

 

Олим ТУЙЧИЕВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Тошкент вилояти:

— Ҳаволар исиб кетди. Аслида биз мана шундай иссиқда туғилдик, иссиқда яшадик ва шу ҳароратга ўрганганмиз. Айтади-ку, иссиқ ҳам ўзимизники, қуёш ҳам. Чунки биз Шарқда яшаймиз. Қонимиз қайноқ, меҳнаткаш, борига шукр, йўғига қаноат қилиш каби фазилатлар эгасимиз. Унинг устига иш жойим ҳам иссиқ. Доимий равишда печнинг ёнида бўлишимизга тўғри келади.

37 йилдан бери бир жойда ишлайман. 20 ёшимда фаолиятимни бошлаган бўлсам, ҳануз ўша пўлат эритиш цехида фаолиятим давом этяпти. Яқинда Президентимиз комбинатимизга келганда касбимни сўради. “Сталивар”ман десам, у кишига қизиқ туюлиб, қайтадан айтишимни истади. Аслида пўлат эритувчисиман. Қўлимиздан келган иш шу экан, мана, кам бўлмадим, Қаҳрамонлик шарафига лойиқ кўрилдим. Ҳалол меҳнатнинг рағбати эртами-кечми берилар экан. Ўғлим ҳам изимдан бориб, айни пайтда бир жойда ишлаяпмиз. Қизим эса онасининг изидан бориб, тиббиёт соҳасида фаолият юритяпти.

 Бугунги ёшлар жуда ҳам илғор бўлиб кетган. Замон кун сайин, соат сайин ўзгаряпти. Демак, биз ҳам ана шунга яраша, ундан ортда қолмасдан ҳаракат қилишимиз лозим. Шу сабабли Конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлайман.

Хусусан, оналар ва болаларга эътиборни кучайтириш билан боғлиқ меъёрлар ҳаётий, деб ҳисоблайман. Масалан, бола пулининг берилишини олайлик. Кимгадир берилиб, кимдир қолиб кетарди авваллари. Эндиликда маълум бир ёшгача уларга нафақа тайинланиши кўзда тутилмоқда.

Биламизки, фарзандлар тарбияси билан шуғулланаётган аёлларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинган. Энди бу қоидаларни Бош Қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилиши таклиф этилмоқда. Яъни, ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши қатъий белгилаб қўйилиши кераклиги таъкидланди. Ўйлайманки, бу орқали жамиятда аёлларнинг ўрнини оширишга катта ҳисса қўшилади.

Ҳаммамизнинг онамиз бор. Ким бўлишимиз, қайси соҳада ишлашимиздан қатъи назар, аёллар бизни дунёга келтиради, давомчиларимиз бўлган фарзандларимизни дунёга келтиради. Уларни ҳам моддий, ҳам маънавий рағбатланитириш, қўллаб-қувватлаш Конституция даражасига кўтарилса, ўйлайманки, бу фақат яхшиликка хизмат қилади.

 

Борлиғим билан қўллайман

 

Ботир ТЕМИРОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Фарғона вилояти:

– Меҳнат инсонни улуғлайди. Ҳар бир одам меҳнати ортидан қадр топади, меҳнати туфайли элга танилади, рўзғор тебратади, турмуши фаровон бўлишини таъминлайди.

Телевизордан эшитдим, Конституцияга Президентимиз ҳар бир шахснинг қулай меҳнат шароитида ишлаши, меҳнати учун муносиб ҳақ олиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлишини белгилашни таклиф этибди. Бу катта гап.

Ҳар бир инсон меҳнат қилар экан, унга бутун куни, ҳаёти, умрини бағишлайди. Демак, ана шу меҳнат ортидан топаётган даромади муносиб ҳаёт кечириши учун етарли бўлиши керак. Оиласи, фарзандларини боқиш учун ҳалол меҳнат қилиб кун кечира олишига ишонадиган маошга эга бўлиши керак. Шунда одамлар касбига бор меҳрини, кучини бериб ишлайди, фаолиятида самара бўлади.

Биринчи ишга кирган одам, албатта, ойлик маоши ҳақида сўрайди. Бу масала ҳар бир ишчини қизиқтиради. Бугунги кунда корхоналарда ўзининг тайинланган, белгиланган ойлик маош миқдорлари бўлади. Қайсидир ташкилот соатбай, қайси биридир ишбай, бошқалари кунбай ҳақ тўлашади.

Агар ҳақ тўлаш қиладиган ишига, унинг сифатига, мураккаблигига қараб белгиланса, албатта, унга эга бўлиш учун яхши мутахассис бўлиш керак. Ўз ишининг устаси ҳар доим яхши ҳақ олишга муносиб бўлади. Албатта, ҳамма ҳам қисқа вақт ичида мутахассис бўлиб қолмайди. Айримлар ишни тез ўзлаштирса, айримларга бунинг учун йиллар керак бўлади. Шу боис назария билан амалиётни чамбарчас боғлаш керак, деб ҳисоблайман. Ёшлар олий таълим муассасаларида ўқиб юрган вақтлариданоқ корхона, ташкилотларда амалиёт ўташи, иш жараёнларини ўрганиб бориши мақсадга мувофиқ. Агарда талаба ҳафтада бир марта бўлса ҳам корхоналарга, йўналиши, соҳаси бўйича ташкилотларга бориб турса, битириши биланоқ ишлаб кета олади. Амалиёт ўтмаса эса иш ўрганиш учун 6-7 ойлаб вақт кеткизади. Ҳозир талабалар ишлаши ҳам мумкин экан, шундай имконият яратилибди. Мен буни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

20 нафардан ортиқ шогирд тай­ё­рлаганман. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида 46 йил меҳнат қилдим. Бугун нафақада бўлсам-да, томорқамда машғулман. Ўғлим ва қизим ҳам менинг ишимни давом эттиришяпти. Меҳнатдан бахтимни топганман. Шунча йил давомида ишлаган бўлсам оиламни боқдим, ўғлимни уйлантирдим, қизимни узатдим. Кам бўлмадим, қадр топдим. Ҳар бир шахс меҳнати ортидан фаровон яшашга ҳақли. Шунинг учун ҳам Конституциямизга меҳнат ҳуқуқи кафолати бўйича киритилаётган меъёрларни борлиғим билан қўллайман.

 

Қўшнилар ҳамиша керак

 

Юсуф ЗИЯЕВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Сурхондарё вилояти:

— 45 йил давомида темир йўл тизимида ишладим. Оддий машинист сифатида фолият олиб борган бўлсам-да, шароитим ёмон эмас. Шукр келтираман. Ўтган йили ўз истагим билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздим, 65 ёшгача ишладим. Ўрнимни ёшларга бўшатишни афзал билдим, шогирдлар йўлимизни давом эттиради.

Ҳаётимнинг катта қисми темир йўл қурилишида кечди. Бизнинг давримизда ўқиш қийин эди. Дадам “бор, бир айланиб кел”, деб жўнативорганда Уралда ўқиганман. Шукр, майда касб бўлса ҳам кам бўлмадим. Ўзбекистон ҳамда қўшни мамлакатларнинг темир йўллари қурилишида қатнашганман. Бугун бу ишларни айтиб, ғурурланаман.

Яқинда Душанбедан Тошкентга поезд қўйилди. Ана шу воқеликнинг нафақат гувоҳи, бевосита иштирокчиси бўлдим. Кўп йиллик меҳнатимиз муносабати билан фахрли меҳмонлар сафида чақиришди. Бундан бошим кўкка етди.

Энг хурсанд бўлган жиҳатим, шунча йиллар давомида узилган алоқалар тикланяпти. Авваллари қуда-анда бўлганмиз, борди-келдимиз жуда яхши эди. Ҳатто бозорликларни ҳам ўша ердан қилардик. Улар билан тилимиз бир эмасдир, лекин дилимиз битта, аждодларимиз, илдизимиз бир жойга тааллуқли. Яшашимиз, туриш-турмушимиз ўхшаш.

Бу ўзгаришлардан халқимиз қувонади. Чунки енгилликлар яратилади. Битта поезд билан Душанбега бориш, қўшниларимиз билан танишиш имкони ошади. Муносабатларимиз мустаҳкамланади.

Президентимиз Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда ҳам шу масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Масалан, Асосий қонунимизга Ўзбекистон барча давлатлар, энг аввало, ўзининг яқин қўшнилари билан тинчликпарвар ва дўстона сиёсат юритиши, унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги принцип ва меъёрларига асосланиши ҳақидаги моддани қўшишни таклиф этди.

Бу масаланинг Асосий қонунда муҳрланиши бошқа давлатларнинг бизга ишончини оширишга, ҳамкорлик, дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

 

 

«Ўзбекистон овози», 28.06.2022, №26

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Фахрий Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш