Ёшлар муаммолари ҳал этилди

 

Жамиятнинг энг катта таъсирчан кучи сифатида бугун юртимиз ёшлари давлатимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишмоқда, ватанимиз тараққиётини таъминлаш йўлида ўз ғоя ва таклифлари билан майдонга чиқмоқда. Шу боисдан айтиш лозимки, ёшларнинг интилишлари ва ҳаётий мақсадлари ҳар қандай соҳа ривожида катта асос бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

Мамлакатимизда 30-июнь — Ёшлар куни муносабати билан ёшлар ойлиги доирасида Наманган вилоятининг Косонсой туман маданият марказида "Ҳоким ва ёшлар учрашуви" бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Дилмурод Қодиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари қатнашди. Учрашувда туманнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар ўзларининг таклиф ва муаммолари билан иштирок этдилар. Шу жумладан, кредит ажратиш, тадбиркорликни бошлаш, контракт тўлов учун ёрдам, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқий кўмак масалалари баробарида турли ҳил лойиҳа ва таклифлар ёшлар томонидан тақдим этилди.

Кўтарилган масалаларнинг айримлари жойида ҳал этилган бўлса, баъзи мурожаатлар ижро учун йўналтирилди. Учрашув давомида бир қатор ёшларга контракт миқдорини тўлашда сертификатлар, яна бир гуруҳ ёшларга пайвандлаш мосламалари топширилди. Шунингдек, тадбир давомида Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасида назарда тутилган энг асосий нормаларга ҳам тўхталиб ўтди. Конституциявий қонун лойиҳаси ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Учрашув сўнггида ёшлар билан ўз ҳудудларида Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасида фаол бўлишга келишиб олинди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Ёшлар қаноти Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш