2022 йил 30 июнь куни Халқ таълими вазирлигида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида “Ёшлар — тараққиётимиз таянчи” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида эътибор қаратилиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшлар сиёсатига дахлдор 40 дан зиёд қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ёшлар сиёсати соҳасидаги муҳим йўналишлардан бири сифатида ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, йигит-қизларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш каби ниҳоятда долзарб масалаларга янги тизим асосида ёндашиш бўйича 5 та муҳим ташаббус илгари сурилди.
Тадбирда қайд этилганидек, ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида, Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани адо этишда миллионлаб ёшларимиз садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқда. Юзлаб йигит-қизларимиз парламентимиз ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг аъзоси сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда.
Шунингдек, Олий Мажлис ҳузурида Ёшлар парламенти тузилди, ёшлар масалаларини давлат миқёсида амалга оширишда давлат бошқарув органи статусига эга Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди.
Тадбир иштирокчиларига “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиришлар киритишни назарда тутади. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда. Киритилаётган ўзгартишлар сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, фуқаролик жамияти институтларининг мақомини ва экологик муҳофаза каби масалаларни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш билан боғлиқдир.
– Юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссия раиси Муҳаммаджон Валиев. – Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига оладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшлар, алабатта мамалакат тараққиётига хизмат қилади.
Савол-жавобларга бой бўлган учрашувда қонун ижодкорлиги жараёнида ёшлар иштирокини янада фаоллаштириш, қонунларни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини улар билан биргаликда муҳокама қилиш тизимини йўлга қўйиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.