Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка етказилмоқда

 

Жорий йилнинг 28 – 29 июнь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Н. Исмоилов “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасини ташкил этиш доирасида лойиҳада кўзда тутилган янги нормаларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш ва аҳолида ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини янада ошириш мақсадида Бухоро ва Навоий вилоятларида бўлди.

Бош қомусимизга киритилаётган янгиликлар, Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказилаётган умумҳалқ муҳокамалари моҳиятига бағишланган учрашув дастлаб Бухоро давлат университетида ташкил этилди.

Унда халқ депутатлари вилоят Кенгаш депутатлари, сиёсий партияларнинг вилоятдаги раислари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, вилоят олий таълим муассасаларининг ректорлари, профессор-ўқитувчилари ва ёшлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиришлар киритишни назарда тутади. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда. Уларнинг аксарияти мазмун-моҳиятига кўра, “инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга қаратилган.

Учрашувда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар ўз вақтида бўлаётганлиги ва ушбу ислоҳотлар халқимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Президентимизнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида илгари сурилган таклифлар ва ғоялар жамоатчилик томонидан жуда кўтаринкилик билан қабул қилинганлиги айтиб ўтилди.

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида ҳам Конституциявий қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятига бағишланган тадбирда Спикер Н. Исмоилов маъруза қилиб, янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирганини таъкидлади.

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Конституцияга киритилиши таклиф этилаётган ҳуқуқий нормалар халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлишини бир қатор ҳаётий мисоллар билан тушунтириб берди.

Тадбирда сўзга чиққанлар аҳолининг Конституциявий қонун лойиҳасини катта қизиқиш билан ўрганаётганини, умумхалқ муҳокамасида фаол иштирок этаётганини билдирди. Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар эътироф этилиб, фуқаролар томонидан якдиллик билан маъқулланди.

Фуқаролар билан ўтказилган учрашув ва мулоқотлар якунида маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вилоятдаги сиёсий партиялар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, олий таълим муассасалари ректорлари ва бошқалар Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасини қуйи бўғинда ҳам уюшқоқлик билан ташкил этиш, қонун лойиҳасига киритилаётган янги нормаларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишни асосий вазифа қилиб белгилаб олдилар.

Муҳокамалар жараёнида иштирокчилар Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш