Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2022 йил 20 июндаги Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмаслигини қатъий ёзиб қўйиш зарурлигини айтган эдилар.
Бундан олдин, Президент Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган маросимда ҳам яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ масалага алоҳида тўхталган эдилар.
Бир жиноят учун бутун авлод жавоб бериши, отасининг қилмиши учун фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши адолатсизликнинг кўриниш ҳисобланади. Мазкур “тизим” халқимизга нисбатан собиқ тузум даврида, айниқса, ўтган асрнинг 30-йилларидаги сиёсий қатағонлардан мерос бўлиб қолган. Бундай ёндашувдан бутунлай воз кечиш давр талаби ҳисобланади.
Судланганлик шахснинг ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги демократик давлат талабларидан келиб чиқади. Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши инсон ҳуқуқларини бузиш сифатида белгиланади.
Шу боис, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг
26-моддаси,
(Олтинчи қисм) Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги керак деган норма киритилмоқда.
Конституциянинг 26-моддасига киритилаётган қўшимчаларни чин дилдан қўллаб-қувватлайман. Мазкур норма судланган шахслар қариндошлари ҳуқуқларини асоссиз чеклашни бартараф этади. Совет тизимидан мерос бўлиб қолган мазкур тажрибадан воз кечиш ҳар ким фақат ўзи содир этган жиноятлар учун жавоб бериши қоидасини жорий этишга замин бўлади деб ҳисоблайман.
Боймурат Юсупов
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.