Собиқ тузум даврида, айниқса, ўтган асрнинг 30-йилларида сиёсий қатағонлардан мерос бўлиб қолган бир аламли, аччиқ ва адолатсиз чеклов, қараш бўлган. Яъни, бир жиноят учун бутун авлод жавоб бериши, отасининг қилмиши учун фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши қанча йиллар давомида инсонлар ҳуқуқи паймол бўлиши, эркин ишлаш, эркин касб танлаш имкониятидан маҳрум этилишига олиб келган. Мазкур “тизим” халқимизга нисбатан адолатсиз бўлганини яхши биламиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмаслигини қатъий ёзиб қўйиш таклифини илгари сурди.
Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган маросимда ҳам яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ масалага алоҳида тўхталган эди. Бунинг замирида кенг маъно, кўплаб юртдошларимизни чуқур ўйлантириб келган масала бор. Яқин-яқингача ҳам отаси учун боласи сиқувга олинган ёки аксинча ҳолатлар йўқ эмасди. Кейинги йиллардаги қатъий талаб, инсонпарвар сиёсат сабабли “қора рўйхатлар” ҳам йўқотилди.
Айтиш керакки, судланганлик шахснинг ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги демократия талабларидан келиб чиқади.
Жазони ўтаган, аммо қонуннинг ўзгариши билан бундай қилмиш жиноят деб ҳисобланмайдиган тақдирда, шунингдек, содир қилинган жиноят учун тайинланган жазони ўтаб бўлиниши билан судланганлик ҳолатининг тугалланиши белгиланган бўлса, шахс судланмаган, деб ҳисобланади. Лекин амалиётда судланганлик, судланганликнинг оқибатлари шахсларнинг узоқ йиллар ўзига ва фарзандларига ҳам таъсир қилади.
Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши шахс ҳуқуқларини бузиш сифатида белгиланади.
Конституциямизга киритилаётган ўзгартириш судланган шахслар қариндошлари ҳуқуқларини асоссиз чеклашни тўлиқ бартараф этади, инсон ҳуқуқи ҳимояси кафолатини кучайтириб, демократик қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги бошқа қатор давлатлар қонунчилигида ҳам белгилаб қўйилган. Хусусан, бундай меъёр Польша, Испания, Хорватия, Словения ва бошқа давлатлар конституцияларида мустаҳкамланган. Яъни, Президентимиз таклифи халқаро демократик амалиётга ҳам ҳар томонлама мос келади.
Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмаслиги Конституциямизда қатъий ёзиб қўйилиши умуминсонийлик тамойилларига мувофиқ экани энг муҳим асослардан биридир. Юқорида келтирилган барча омилларни ҳисобга олган ҳолда, бу таклифни ҳар бир ватандошимиз, ҳар бир ота-она тўлиқ қўллаб-қувватлайди, деб ишонаман.
Шербек БЎРОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси.