“Менинг конституциям” шиори остидаги жамоатчилик муҳокамаси

 

Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм халқаро университетида “Менинг Конституциям” шиори остида жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Вафоев, Олий Мажлис Сенати аъзоси Гавҳар Алимова, Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши депутати Бадриддин Насриев, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлими раҳбари Элёр Хамроев ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Вафоев “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Конституциявий Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида гапириб, кейинги йилларда юртимизда юз берган ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида атрофлича фикр юритди. Қайд этилдики, лойиҳада Асосий қонунимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш киритиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда. Самарқанд вилояти аҳолиси ҳам янги конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида ўз таклифлари билан фаол иштирок этган. Бу эса аҳолининг обод, фаровон ва осуда ҳаётга дахлдорлик туйғуси ошиб бораётганининг амалдаги ифодасидир.

“Менинг конституциям” мавзусида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Олий Мажлис Сенати аъзоси Гавхар Алимова, Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши депутати Бадриддин Насриев ҳамда бошқалар ҳам сўзга чиқиб, Бош қомусимизга инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, тадбиркорлик ва ерга оид масалалар, оила, меҳнат муносабатлари, суд-ҳуқуқ соҳаси, таълим, тиббиёт, экология ва бошқа кўплаб йўналишларда таклиф этилаётган ўзгартиришлар тўғрисида фикр-мулоҳаза юритдилар.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Олий Мажлис Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш