Этни тирноқдан ажратиб бўлмайди

 

Қардош қорақалпоқ эли ўзбек халқи билан доимо ёнма-ён, елкама-елка турган. Биргаликда бошимизга тушган барча синовларни енгишга ҳаракат қилганмиз, ютуқларга эришсак ҳам бирдек қувонамиз.

Аммо сўнгги кунларда айрим иғвогарлар, фитначиларнинг манфур мақсади туфайли қардош элимизнинг тинчлигига раҳна солингани барчамизни ташвишга солди.

Президентимиз қорақалпоқ халқининг хоҳиш-истагидан келиб чиқиб, Конституциядаги бир қатор нормаларни ўзгаришсиз қолишини таклиф қилди.

Лекин айрим “провокатор”ларнинг популистик чиқишлари таъсирига тушиб қолган баъзи соддадил қардошларимизнинг ноўрин хулосаси ва ҳаракати билан тобора ривожланиб бораётган мамлакатимизнинг тинчлиги хавф остида қолиши мумкин эди.

Бу борада Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари, қабул қилган оқилона қарорлари халқимизнинг тинчлигини сақлашнинг муҳим кафолати бўлди.

Фавқулодда ҳолатнинг ўзига хос талаблари, қоидалари бўлади. Бу қоидаларни бузган ҳар бир фуқарога нисбатан тегишли тартибда чора кўрилади.

Этни тирноқдан ажратиб бўлмаганидек, ўзбеклар ва қорақалпоқлардек аҳил, иноқ, баҳамжиҳат ўзбекистонликларни манфур мақсадли фитнакорлар енга олмайди.

Ишончим комилки, қорақалпоқ оға-ини, опа-сингилларимиз айрим “провокатор”ларнинг фисқу фасодларига эргашиб кетмайди, ўзини ҳар қандай фитналардан устун, деб билади.

 

Шерзод РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш