Халқларимизнинг дўстлигига ҳеч ким рахна сололмайди

 

Бундай ўйлаб қарасам, менинг энг яқин дўстларим қорақалпоғистонликлар экан. Энди мактабни битириб, Тошкентдек шаҳри азимга йўл олган кунларим ҳали-ҳануз ёдимда. Тошкент Давлат (ҳозирги Миллий) университетига ҳужжат топширар эканман, бўйлари баланд тенгдош қиз “ничуксиз” деб жилмайиб, қўлини узатди.

— Эльмираман, Қорақалпоғистоннинг Тўрткўлидан, дадил давом этди. Анажон опам сизни кўрибоқ “Шу қиз билан чиқон бўл” деди. Аналар. Опам Тўрткўлда судья бўлиб ишлайди. Шу университетнинг юридик факультетини аълога тугатган.

Анажон опа биз томон яқинлашар экан, “Ана энди қадрдон чиқон бўласизлар” деб самимий табассум қилди.

Фаришталар “омин” деган эканми, Анажон опанинг ниятлари амалга ошди.Иккаламиз ҳам университет талабаси бўлдик. Тўрт йил, то Эльмира турмушга чиққунча бир хонада яшадик, бир гуруҳда ўқидик.4-курслигимизда Эльмира Фарҳод исмли, биздан бир курс олдинда ўқийдиган Тўрткўллик йигитга турмушга чиқди. Дўстларимнинг тўнғичи Шерзоджон туғилганда бирга энагалик қилдик. 1-пара дарсга мен борсам, 2-пара дарсларга Эльмирани юбориб, ўзим чақалоққа онаси келгунича қараб, овутиб турардим. Иккаламиз ҳам дорилфунунни имтиёзли диплом билан тугатдик. Эльмира билан дўстлигимизга ҳамманинг ҳаваси келарди. Қашқадарёлик йигитлар, қизлар қолиб, мен нуқул қорақалпоқлар билан дўст эдимда. Ўқишдан кеч қайтсам, Эльмира овқатланмай кутиб ўтирарди. Бир куни Эльмиранинг боши оғриб қолди. Иккаламиз 32-поликлиникага қараб йўлга чиқдик. Йўлда “Эскимо” деган музқаймоқ сотишаётган экан. Севиниб, 2 дона олдимда бирини Эльмирага узатдим. Эльмира “ўзи бошим оғриб турибдику”, деди. Ўшанда мен музқаймоқларни отиб юборибман. Нотўғри иш қилганимни билсамда, қовоғимни уйиб, поликлиникагача бордим. Эртаси куни хонага кирсам, столда 4-5 дона кечагига ўхшаган “Эскимо”, Эльмира “Энди буни бирга еймиз” деб жилмайиб турарди. Эльмиранинг турмуш ўртоғи Фарҳод ҳам менинг энг яқин дўстимга айланди.

Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Университетни битириб, ҳаммамиз ҳар ёққа равона бўлдик. Амммо мактублар Тўрткўл ва Қаршини боғлайверди. Энг яхши кунларимиз, ташвишли онларимиз бир-биримизсиз ўтмади. 1988 йили мен олий партия мактабини имтиёзли диплом билан тугатган куним биринчи бўлиб, Нукусдан учиб келиб мени гуллар билан табриклаган ҳам Фарҳод бўлди. Кейин биз турмуш ўртоғим ҳамда Фарҳод билан бирга телеминорага чиқиб фарзандининг чилласи чиқмагани учун келолмаган Эльмирага сим қоққан эдик. Бу ўтган аср 80-йилларининг гапи.

Яна бир гап. Катта келиним ҳадеганда бошқоронғу бўлавермади. Бир куни Эльмира телефон қилиб қолди.

— Бир келмайсизми?

Хавотирланиб, йўлга тушдим. Аэропортда Фарҳод иккинчи ўғли Бекзоджон билан кутиб олди. Амударёдан ўтаётганимизда Бекзод машинасини тўхтатиб:

— Комила хола, дарёга атаганингизни ташлаб, ниятингизни айтинг, деб қолди. Энг катта ниятим – келиним ва ўғлимнинг фарзандли бўлиши эди. Айтдим.

Эльмира мени шунинг учун чақирган экан. Дугонам қисинмасин, ниятига етсин деган экан-да.

Нукусдан келсам, орадан 5-10 кун ўтиб, интиқ кутган хушхабаримни эшитдим. Менга ато этилган бахт учун Эльмиранинг ўғли Бекзоджондан, Амударёдан бир умр миннатдорман.

2010 йилда депутат этиб сайлангач, Олий Мажлис биносида Нукусдан сайланган депутат Жамила Ниязова билан дўст бўлдим.

— Жамила опа, нега қаерга борсам, қорақалпоқлар менинг энг яқин дўстимга айланишади?-дердим.

Жамила опамнинг самимий, чиройли табассуми бор эди. Хурсанд бўлиб “Бир уруғмизда” дер эди.

Ўн йил битта “дом”да кўздек қўшни бўлиб яшадик. Ўн йил бир машинада ишга бориб-келдик. 2019 йилда бевақт ўлим Жамила опамни орамиздан олиб кетганида, самолётда Тошкентдан Нукусга майитни бирга олиб учдик. Қариндошлари қаторида туриб таъзия қабул қилдик. Бугун эса уларнинг фарзандлари билан борди-келдимиз бор.

Нукус кўчаларидаги кечаги кутилмаган талотўпдан ҳушим учиб, телефондан таниш рақамларни тера бошладим.

— Кўролмаслар борда, оғизбирчилигимизни, хавотир олманглар, дўстлигимизни ҳеч ким буза олмайди. Эт билан тирноқмиз-ку...

Фарҳод, Эльмиранинг овозида меҳр, ҳурмат ва айни чоқда бўлган воқеалардан афсус бор эди.

— Орқайинлик қилдикми, бу қорақалпоқларнинг иши эмас, бу тинчлигимиз, дўстлигимизни кўролмайдиган ғаламисларнинг иши. Яхшиям Президентимиз доно. Биз Президентимизга ишонамиз,яхши кўрамиз. Уларни безовта қилганимиздан афсусдамиз... — Фарҳод узр сўрагандек гапида давом этарди.

Кечагина мукофот олганида табриклаганим Назира, туғилган кунида йўқлаганим Зафар оға, Жолдасбек, Шерзоджон... яна дўстларимни санасам, бармоқларим етмайди. Ҳаммалари бу воқеалардан афсусда...

— Ҳаммаси яхши бўлади. Кузда мен набирамнинг тўйини бошлайман, келасиз. Гуручнинг ҳосили яхши, Қаршига олиб бораман. Дўстлигимизни бир кўриб қўйсин душманлар. Кўриб тан беришсин бу халқнинг дўстлиги абадийлигига...

Фарҳод кўчалар тинч, Юртбошимизнинг келиши, биз билан учрашгани кўнглимизни кўтарди, деб тўлиб-тошиб сўзларди.

Қорақалпоғистоннинг ҳар бир кўчасидаги тинчлик менинг ҳам тинчлигимдир. Бу дўстликка ҳеч ким рахна сола олмайди. Мен бунга ишонаман, қорақалпоқ дўстларим ҳам шундай дейишаяпти. Демак, бизнинг дўстлигимиз абадий.

 

Комила Каромова,

Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари.

 

 

 

Теглар

Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш