Кейинги йилларда аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, эҳтиёжманд оилаларга ҳар томонлама қўмаклашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Партиямизнинг Сайловолди дастурида ҳам аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш ижтимоий ҳимоянинг муҳим масаласи сифатида қайд этилган.
Бугунги кунда аҳолининг ўсиш динамикаси уй-жой шароитини яхшилашга нисбатан эҳтиёжни оширмоқда. Айниқса, турар жойга муҳтож ёш оилалар, ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш масаласига эътибор қаратиб, давлат дастурлари асосида муаммоларни ҳал этиш зарурати мавжуд эди ва бу изчил йўлга қўйилди.
Кейинги беш йилда ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ уй-жойлар барпо этилди. Ҳар бир оиланинг ўз хонадонига эга бўлиши унинг меҳнат самарадорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, шахснинг иқтисодий фаоллигини оширади. Бу эса ижтимоий давлатнинг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.
Конституциямизга киритилаётган “Давлат ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд ва кам таъминланган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни қонунда белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлайди”, деган нормани чин дилдан қўллаб-қувватлайман. Бу билан давлат катта мажбурият олмоқда.
Ушбу норманинг Бош қомусимизга киритилиши Ўзбекистон ижтимоий давлат эканининг муҳим асосларидан бири бўлади. “Инсон қадри” тамойили узоқ истиқболга мўлжалланган ҳалқчил стратегия эканининг амалий исботига айланади.
Боймурат ЮСУПОВ,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.
«Ўзбекистон овози», 6.07.2022, №27