Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида “Солиқ ва божхона қонунчилиги, шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзларининг қўлланилишини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Қонун лойиҳаси билан Солиқ кодексига киритиладиган ўзгартиришларга кўра, эндиликда ота-оналарга ва олий таълим муассасаларига тахсил олаётган талабаларга бир қатор солиқ имтёзлари берилиши назарга тутилмоқда.
Жумладан, отанинг ва (ёки) онанинг ойига 3 миллион сўмгача фарзандларининг таълим олиши учун нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактабларга фарзандларини таълим ва тарбия олиши учун йўналтириладиган тўловларга даромад солиқлари ҳисобланмайди.
Талабаларнинг олий таълим муассасалари ҳудудида ташкил этган пуллик ўқув курслари, спорт тўгараклари ва бошқа таълим хизматларни кўрсатишдан олинган маблағлари жами даромадлар таркибига кирмаслиги белгиланмоқда.
Талабаларнинг таълим олиши учун Ўзбекистон Республикасининг прoфессионал (касб-ҳунар мактаблар, коллежлар, техникумлар) ва олий таълим ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пулли-контракт асосида ўтказиладиган тўловлар солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмаслиги келтирилмоқда.
Мана шу мисоллар, енгилликлар мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсат юритилаётганининг аниқ мисоли бўла олади. Биз, депутатлар, айниқса, Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари бундай ёндашувни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартиришлар, яъни имтиёзлар натижасида ўртача 500,0 млрд. сўмдан ортиқ маблағ аҳоли ихтиёрида қолади.
Шерзод Раҳмонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.