Қонунлар ҳамма тушунадиган тилда ёзилиши керак

 

Қонун ижодкорлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятининг энг муҳим, биринчи галдаги вазифасидир. Қабул қилинаётган қонунларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2018 йилда Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинган эди. Шу асосда изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиздаги янгича ислоҳотлар қонун ижодкорлигида ҳам сезилмоқда, янги тартиб-қоидалар жорий этилмоқда.

Шу ўринда айрим мисолларга эътибор қаратсак, фикримиз янада тушунарлироқ бўлади, деб ўйлайман.

Биринчидан, янги таҳрирдаги қонун ҳужжатини қабул қилиш ўрнига янги қонун ҳужжатини қабул қилиш ва бир вақтнинг ўзида амалдаги қонун ҳужжатини ўз кучини йўқотган деб топиш амалиёти жорий этилди.

Иккинчидан, қонун лойиҳаларининг халқаро шартномаларга, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослиги ўрганилмоқда. Бу давлатимизда халқаро ҳуқуқлар ва мажбуриятларнинг тўлақонли бажарилишига, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ошишига хизмат қилмоқда.

Учинчидан, “қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт”, деган устувор тамойилга асосан қонун лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйилмоқда. Хусусан, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” махсус рукни ташкил этилиб, қонун лойиҳаси аҳоли муҳокамаси учун жойлаштирилмоқда. Қонун лойиҳалари фракциялар томонидан кўриб чиқилаётганда сиёсий партиялар орқали жойлардаги фаолларга ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларига етказилиб, таклифлар олиш тизими йўлга қўйилди.

Тўртинчидан, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни қабул қилиш, яъни максимал даражада қонуности ҳужжатидаги нормаларни қонун даражасига олиб чиқишга эътибор кучайди...

Яна бир масала, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги масъулиятини янада ошириш учун қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилаётганда ташаббускор субъект ёки унинг вакили маъруза билан чиқиши белгиланди. Бу қонун лойиҳаси муҳокамасининг янада жонланишига олиб келди.

Қонунлар тақиқловчи эмас, инсоннинг эмин-эркин фаолиятига имконият яратувчи манба бўлиши керак. Ҳозирги қонун ижодкорлигида мана шу масала муҳим хусусиятлардан бирига айланмоқда. Қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳолатлари ҳам асосан шу заруратдан келиб чиқяпти, десак, хато бўлмайди.

Ўзгартиш ва қўшимча киритилаётган қонунларни аксарият ҳолларда фуқароларнинг тушуниши, тўғри қўллаши ва талқин қилиши бир мунча қийинроқ кечмоқда. Бу жамиятда қонунлардан узоқлашувни юзага келтириши хавфи мавжуд.

Шундан келиб чиқиб, энди яна бир муҳим жиҳатга эътибор берилмоқда. Яъни, ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга қаратилган қонунлар энди муқаддима қисми билан бошланади. Муқаддимада киритилаётган янгиликнинг сабаби, мақсади, зарурати ва натижаси очиб берилади. Яқинда мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар, қонун ташаббускорлари вакиллари, ҳуқуқшунос-мутахассислар иштирокида кенгайтирилган муҳокама йиғилиши ҳам ўтказилди.

Хўш муқаддима нима беради? Мазкур амалиётнинг йўлга қўйилиши қабул қилинадиган қонунларнинг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка содда, халқчил тилда, тушунарли тарзда етказилишига хизмат қилади. Тушунарли тарзда баён қилинган қонуннинг ўқувчиси кўпаяди, бу эса аҳолининг ҳуқуқий хабардорлиги, қонун устуворлиги ошишига олиб келади.

Қонунлар ҳуқуқшунослар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, мансабдор шахслар учун эмас, барча фуқаролар учун яратилади. Шундай экан, уни ҳамма тушунадиган шаклда ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва уни амалда қўллай олиш имкониятини оширишимиз парламентнинг, биз, депутатларнинг асосий вазифамиздир.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш