Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши хотин-қизлар сектори томонидан шаҳардаги 2-сон оилавий поликлиника биносида шаҳар кенгаши депутат аёллари, вилоят кенгаши масъуллари ва хотин-қизлар иштирокида "Конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда хотин-қизларнинг иштирокини таъминлаш" мавзусида учрашув ўтказилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштириш бўйича тузилган миллий комиссия, унинг вазифалари хусусида батафсил сўз юритилди. Тадбирда сўзга чиққан шаҳар кенгаши депутати Б.Худойберганова, вилоят кенгаши хотин-қизлар сектори мудири Ш.Маткаримовалар ҳозирги даврда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этаётганлиги, айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланаётганлигини таъкидладилар.
Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалар, уларнинг мазмун-моҳияти бўйича атрофлича маълумот берилди, хусусан, Бош қомусимиз бўлган Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар, бу жараёнда партия фаол аёлларининг ҳам фикр-мулоҳазалари муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар мавзу юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди, амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ эмасликларини, ушбу муҳим жараёнда бундан кейин ҳам фаол иштирок этишларини маълум қилишди.