Қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан “Конституция – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари кафолати” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Партия масъул ходимлари, депутатлар ва ёшлар иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Конституциявий Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Хусусан, 1-моддага - Ўзбекистон — суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат – дея киритилаётган ўзгартишнинг ўзи фуқароларнинг ҳаётида қанчалик акс этиши мумкинлиги ҳақида тушунтирилди. Ҳуқуқий давлат – бу демократик тамойиллар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлатдир. Қолаверса, қонунларнинг бутун давлат ҳудудидаги устуворлиги, хокимиятлар ваколатининг бўлиниши, шахс ва давлатнинг ўзаро масъуллиги, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ҳимояланиши эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят Кенгаши раиси Акмал Умаралиев Ижтимоий давлатнинг вазифалари ҳақида гапириб, бу ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасига эришиш, ижтимоий тафовутларни юмшатиш ва муҳтожларга ёрдам бериш учун ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ иш кўриш белгиланаётганлигига тўҳталиб, охирги беш-олти йилда ижтимоий давлатнинг асосий талаблари амалда қўлланилганлиги, хусусан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилгани, “Мономарказ”лар фаолияти йўлга қўйилиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизимлари ташкил этилганига эътибор қаратди.

Давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш