Конституциявий қонун лойиҳасидаги ҳаётий таклифлар кенг жамоатчилик томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда
Бугун халқимизга катта куч ва кўтаринки руҳ бераётган буюк мақсад — Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий пойдеворини яратишдек тарихий кунларда яшаяпмиз. Ҳар бир юртдошимиз шундай қизғин, масъулиятли жараёнда фаол ва муносиб қатнашишни ўзининг Ватани олдидаги муқаддас бурчи, деб билмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳасида мамлакатимиз аҳолисининг турли қатламларидан келиб тушган таклифлар ўз ифодасини топмоқда. Бу, албатта, қонунларнинг асосий ижодкори халқимиз бўлиши керак, деган эзгу мақсадга эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Президентимизнинг Конституцияда “ижтимоий давлат” тушунчасини мустаҳкамлаб қўйиш ҳақидаги таклифи учрашув ва мулоқот тадбирларида кенг жамоатчилик томонидан фаол қўллаб-қувватланаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Бу таклиф, аввало, халқимиз хоҳиш-иродасини ифодалаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Учрашувларда ижтимой давлат халққа хизмат қиладиган давлат бўлиши ҳақида фикрлар билдирилди. Бундай давлат ўз сиёсатида ижтимоий адолат тамойилларидан келиб чиқиб фаолият юритади. Асосий мақсад — жамиятда яратилаётган моддий ва маънавий бойликларни ижтимоий адолат тамойили асосида бошқариш, ҳаммага устувор ҳуқуқлар нуқтаи назаридан тенг имконият яратиш.
Бунда ҳар бир инсоннинг кундалик маиший турмуш тарзи, яъни уй-жойи, иш ҳақи, меҳнат шароити, тиббий хизматдан фойдаланишини сифат жиҳатидан юқори даражага олиб чиқиш пировард мақсад ҳисобланади.
Чуқурроқ мушоҳада юритсак, кейинги йилларда одамларнинг кундалик ҳаётида бўлаётган ўзгаришларни таҳлил қилсак, халқпарвар сиёсат айнан ижтимоий давлат пойдеворини яратиш, унинг ривожланиш кафолатини мустаҳкамлашга қаратилгани яққол кўринади.
Президентимиз аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича Конституцияга жуда муҳим таклифларни илгари сурди. Хусусан, давлат ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд ва кам таъминланган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни қонунда белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлаши ҳақидаги меъёр кўпчиликнинг кўнглини кўтарди. Бундай меъёр белгиланиши давлат зиммасига катта масъулият юклайди. У дунёнинг кўплаб ривожланган давлатлари Конституциясида ҳам йўқ.
Уй-жойли бўлиш халқимизда “кичик ватанли” бўлишга қиёсланади. Шу маънода, ўз ватанига эга бўлиш ҳар бир юртдошимиз учун энг азиз орзу, энг муҳим мақсадлардан бири ҳисобланади.
Тан олиш керак, бу масалада 20-25 йил давомида шаҳар жойларда ҳам, қишлоқларда ҳам муаммолар тўпланиб қолган эди. Бир уйда 2-3 талаб оила сиқилиб яшаётган ҳолатлар оз эмасди. Оқибатда бундай оилаларда бошқа муаммолар ҳам келиб чиқарди.
Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори билан уй-жой қурилишини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Хусусан:
— яшаш учун ижтимоий-маиший шарт-шароитларни яхшилаш, қишлоқ аҳолисининг замонавий, сифатли, шинам, арзон уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш;
— қишлоқ жойларда уй-жойлар қуриш учун ажратилган турар жой массивларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ва транспорт тармоқларини биргаликда ривожлантириш;
— конструктив ва архитектура-режалаштириш ечимларини оптималлаштириш ҳисобига лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари, шунингдек, барпо этилаётган уйлар таннархини пасайтириш;
— энергияни тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишни кенгайтириш;
— уй-жой қурилиши учун ажратиладиган ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш;
— қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилиши учун имтиёзли кредитлар беришнинг фуқаролар учун янада қулай шартларини жорий этиш.
Арзон уй-жойлар масаласи нафақат қишлоқларда, шаҳарларимизда ҳам жуда долзарб эди. Шунинг учун қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисидаги қарордан кейин бир ой ўтиб-ўтмай Президентнинг “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар асосида қишлоқларда ҳам, шаҳарларда ҳам уйлар қурилиши жадал тус олди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони аҳолини уй-жой билан таъминлаш, турмуш шароитини яхшилаш борасидаги ислоҳотларга янгича мазмун олиб кирди. Халқнинг уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли пунктларининг урбанизация жараёнларини ривожлантириш мақсади белгилаб берилди.
Фармон билан 2022 йилда қуриладиган “Янги Ўзбекистон” массивларининг манзилли рўйхати тасдиқланди. Мазкур массивларда кўп қаватли уй-жойлар, муҳандислик-транспорт коммуникацияси, ижтимоий соҳа, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари комплекс тарзда қурилиши амалга оширилмоқда.
Фармонга кўра, кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиш ости ер участкалари тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн аукцион орқали ижара ҳуқуқи асосида реализация қилинди. Кўп қаватли уй-жойларга туташ ер участкалари уй-жой қуриб битказилганидан кейин маҳаллий ижроия ҳокимлик органининг тегишли қарори билан кўп қаватли уй-жой мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилмоқда.
Массивларда ташкил этиладиган ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш учун ер участкалари тадбиркорлик субъектларига белгиланган тартибда электрон онлайн аукцион орқали мулк ва ижара ҳуқуқлари асосида реализация қилинмоқда. Шу ва бошқа ўзига хос жиҳатлар “Янги Ўзбекистон” массивларини кўркам, яшаш, хизматлардан фойдаланиш учун қулай, айни пайтда, замонавий турмуш маданиятини ривожлантирадиган обод масканларга айлантиришига шубҳа йўқ.
Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга давлат бюджетидан субсидиялар тўлаш имконияти кенгайтирилди.
Дастлабки бадал билан боғлиқ муаммолар самарали ҳал этилди, фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш амалиёти мустаҳкамланди. Фуқароларга ипотека кредити олишда биргаликда қарз олувчи сифатида улар билан бирга яшамаётган ва яқин қариндоши бўлмаган бошқа шахсларни ҳам жалб қилиш ҳуқуқи берилди.
Яна бир муҳим қарор билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби ўрнатилди. Бундай болаларга 1 ва 2 хонали квартира давлат ҳисобидан сотиб олиб бериладиган бўлди.
Демак, юқорида қайд этилган қарорлар билан Конституцияга уй-жой таъминоти бўйича таклиф этилган меъёрнинг амалга ошиши бўйича тизим яратилаётгани гувоҳи бўляпмиз.
Мамлакатимизда ўтган беш йилда қарийб 500 мингта янги уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Келгуси 5 йилда турли ҳудудларда шароити оғир оилалар турмушини яхшилаш учун 19 миллион квадрат метрдан ортиқ замонавий уй-жой барпо этилиши белгиланган. Яна 275 мингдан зиёд оила қулай шароитли уй-жойга эга бўлади.
Бу оддий рақамлардек туюлиши мумкин. Лекин унинг ортида қанчадан-қанча оилаларни йиллар давомида ўйлантириб, қийнаб келган муаммоларнинг тизимли ҳал бўлиши масаласи, болаларнинг, нуронийларнинг қувонч кўз ёшлари турибди.
Яқинда шундай оилалардан бирининг қувончига бевосита гувоҳ бўлдик. Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз она Гулчеҳра Жўраева яратилган имкониятлардан фойдаланиб, “Кўрик” МФЙ Чортоқ кўчасидан 3 хонали квартира олди. Нафақат аёл, у билан бирга, 3 фарзанди ҳам уйли бўлди, келажакли бўлди. Бундай оналар, бундай оилалар, бундай болаларнинг умиди, бахти ва бахтиёрлигини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
Демак, давлат уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни қонунда белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлаши ҳақидаги меъёр Ўзбекистон ижтимоий давлатга айланишига хизмат қилувчи жуда муҳим, ҳаётий меъёрлардан бири бўлмоқда.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси.
«Янги Ўзбекистон», 14.07.2022, № 141.