Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасидаги тарихий ва маданий муштараклик бисёр. Мамлакатларимиз ўртасида, хусусан, иқтисодий алоқани чуқурлаштириш учун кенг имконият мавжуд.
Ўзбекистон ва Эрон халқларини кўп асрлик бой тарихий муносабат, ҳамкорлик боғлаб туради. Икки халқ ичидан ҳам юзлаб маърифатпарварлар, шоирлар, буюк алломалар етишиб чиққан. Улар дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшиб, халқларимиз фахрига айланган, Ана шундай ҳамкорлик тобора ривожланмоқда.
Жорий йилнинг 12 июль куни Эрон Ислом Республикаси Исломий Кенгаш Мажлисининг раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф бошчилигидаги делегация юртимизга расмий ташриф билан келди. Бундай ташриф тарихда биринчи марта эканлиги ҳам эътиборга молик.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Эрон Ислом Республикаси Исломий Кенгаш Мажлисининг раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф бошчилигидаги делегация билан учрашув ҳам тарихий воқеликка айланди.
Кейинги йилларда икки томонлама муносабатларнинг босқичма-босқич ривожланиб бораётгани, мамлакатларимиз ўртасида сиёсий ва иқтисодий соҳадаги мулоқотларнинг фаоллашгани ижобий баҳоланди.
Мазкур учрашувлар асносида илгари сурилган таклифларнинг амалий ижроси келажакда икки томонлама савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт-логистика, энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик муносабатларимизни янада ривожланишига хизмат қилади.
Эрон Ислом Республикаси Исломий Кенгаш Мажлисининг раиси таъкидлаганидек, Ўзаро савдо ҳажми ортаётгани, икки мамлакат етакчи корхоналари ва компанияларининг саноат кооперацияси кенгайаётгани баробарида Ўзбекистон – Эрон мамлакатлари ўртасидаги савдо айланмаси 2 миллиард долларга етказилиши мустаҳкам ҳамкорликнинг янги босқичи бўлиб хизмат қилиши табиий.
Ўз навбатида, М. Қолибоф конструктив ва амалий руҳдаги мулоқотларни изчил давом эттириш, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.
Умуман олганда, Ўзбекистон - Эрон муносабати икки томон манфаатига жавоб беради. Давлатларимиз иқтисодиёти барқарор ўсишида, ҳамкорлик тараққий этаётганида минтақамиз ҳудуди ва атрофида тинчлик, барқарорлик йўлида қулай шароит яратишга умумий интилишимиз намоён бўлмоқда.
Анвархон ТЕМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.