Конституциямизда тадбиркорлар фаолияти ва ҳақ-ҳуқуқи алоҳида кафолатланган

 

Давлатимиз раҳбари Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда сўзлаган нутқида “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон–жамият–давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарурлигини, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши кераклигини таъкидлади.

Президентимизнинг мазкур мулоқотда берган таклифларидан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси йиғилишида кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинди. Ҳозирда бу муҳим ҳужжатнинг умумхалқ муҳокамаси қизғин бормоқда. Айни кунда меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, маҳаллаларда конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти кенг тарғиб қилинаётгани ҳам ҳаётий эҳтиёж, албатта.

Мен ҳам шу юртнинг дахлсиз ва қонуний ҳақ-ҳуқуқи кафолатланган бир фуқароси сифатида тадбиркорлик фаолиятига қўл уриб, бизнес лойиҳаларимни амалга оширишга киришганимга бу йил 20 йил тўлади. Шу муддат ичида нафақат ўзим ва оиламиз, балки, ўнлаб оилалар моддий манфаатдорлигини таъминлашга ҳиссам қўшилаётганидан, кўп хайрли ишларга бош қўшаётганимдан беихтиёр фахрланаман. Бинобарин, юртимизда ишбилармон доира вакилларига яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлардан тўлақонли фойдаланган ҳолда бугунга келиб Қоровулбозор туманида “Asia Fruits Garden”, Когон туманида “Qorovulbozor Agroparranda” МЧЖ лари фаолиятини йўлга қўйиб, бошқариб келмоқдаман.

Тасарруфида 28 гектар иссиқхонасига эга “Asia Fruits Garden” МЧЖда меҳнат қилаётганлар сони бугун 350 кишига етгани, ҳар йили бу ердан 100 тоннадан ошириб помидор етиштирилаётгани ва маҳсулотнинг аксар қисми чет эл бозорларига чиқарилиб, экспорт фаолиятидан йилига 2 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад олинаётгани мен ва жамоамиз учун катта муваффақият.

Ёки иш бошлаганига бир йил тўлаётган “Qorovulbozor Agroparranda” МЧЖда тухум йўналишида 50 минг бош “Loman Sendi” зотига мансуб, парҳезбоп гўшт етиштириш йўналишида 110 минг бош бройлер парранда парваришланмоқда. Бу ҳар ойда ўртача 45 минг дона тухум ва 130 тонна парҳезбоп гўшт дегани. Шунингдек, кўп тармоқли бу корхонамизда паррандачилик хўжаликлари учун омухта ем ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Цехимиз қуввати кунига бошоқли донни қайта ишлаб, 200 тоннага етказиб комбикорм тайёрлаш имкониятига эга. Мазкур корхонамизда ҳам 50 нафар ишчи-мутахассис бандлиги таъминланган.

Айтмоқчиманки, тадбиркорликда жамоамиз билан нимаики муваффақиятга эришаётган бўлсак, бу ҳаммаси мамлакатимизда бизнес вакилларининг эмин-эркин ишлаб, ўз салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун яратилган шарт-шароит ва қонуний кафолатланган имконият туфайлидир.

Ислоҳ қилинаётган Конституцияда 53-моддага иқтисодиёт ва тадбиркорликка оид қатор янги нормалар киритилаётгани ҳам биз учун айни муддао. Унда хусусан, “Тадбиркорлар қонунчиликда таъқиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолиятининг йўналишини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли. Ўзбекистон Республикасида товарларнинг, хизматларнинг, ишчи кучининг ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади. Иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмайди. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди”, деган мазмундаги сўзлар бор.

Такомиллаштирилаётган Бош қомусимизнинг 36-моддасида эса: “Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли” деган жумла ҳам чунончи, тадбиркор–мулкдорлар фойдасига қуйидагича ўзгартириляпти: “Ҳар ким қонун билан муҳофаза қилинадиган мулкка, шу жумладан, интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуққа эга”. Бу тамойил ўз навбатида, бизнес лойиҳаларини амалга оширмоқчи, хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги фуқароларга берилган имкониятдир.

Тегишли имтиёз ва преференцияларнинг қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилганлиги эса бизни мамлакатимиз Президенти таъбири билан айтганда, янада шиддат билан ишлашга, Ватанимизнинг бугуни ва эртанги куни, ёруғ истиқболи учун сидқидил меҳнат қилишга ундайди.

 

Фаррух Бекмурзаев,

тадбиркор, ЎзХДПдан халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати.

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш