Ўзбекистон Халқ демократик партияси Косонсой туман кенгаши томонидан "Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган учрашувлар давом этмоқда. Бу галги суҳбат Косонсой туманидаги 34-сонли мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, унда муассаса ходимлари иштирок этди.
Йиғилишда маъруза қилган туман Кенгаши раиси Ш.Жалолов Бош қомусимизга киритиш мўлжалланаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берди. Жумладан, Конституциямизнинг 37-моддасига киритилиши кўзда тутилаётган ўзгартиришларга тўҳталиб, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши кераклиги ва бу норма эндиликда асосий қонундан ўрин олаётганлигига эътибор қаратди.
Йиғилишда сўзга чиққан мактабгача таълим ташкилоти мудираси С.Ҳакимова бугунги Конституциявий ислоҳотлар давр талаби эканини таъкидлаб ўтди. Айтиш жоизки, жойларда ўтказилаётган муҳокама йиғилишларида аҳолининг фикри, кайфияти ва таклифлари юртдошларимизнинг Конституциявий ислоҳотлардан мамнунлигини кўрсатмоқда.