Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламент қуйи палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Эрон Ислом Республикаси Исломий Кенгаш Мажлисининг раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Ушбу учрашув конструктив ва дўстона руҳда ўтди.
Албатта, Эрон парламенти раҳбари ва аъзоларининг икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги арафасида ташрифида ҳам рамзий маъно бор. Чунки сўнгги йилларда Эрон ва Ўзбекистон ўртасида барча соҳалардаги хусусан, парламентлараро алоқалар янада ривожланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда Эрон Ислом Республикаси Исломий Кенгаш Мажлиси ўртасида парламентлараро Дўстлик гуруҳи ташкил этилгани, парламентлараро Иттифоқ, Осиё парламентлараро Ассамблеяси каби тузилмалар доирасида ҳам яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилгани фикримиз тасдиғидир.
Айтиш жоизки, дунё параламентаризми ривожида юз йилдан ортиқ тарихий ривожланишга эга бўлган Эрон парламентининг ўзига хос ўрни бор. Шу нуқтаи назардан, уларнинг бу борадаги тажрибаси, қонун ижодкорлиги жарёни ҳамда икки мамлакат ўртасидаги барча алоқаларнинг мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни амалга ошириш муҳим ҳисобланади.
Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик нафақат икки мамлакат балки минтақанинг ривожланишига хусусан, очиқ денгизга чиқишга катта имконият беради. Бунинг учун муҳим ҳисобланган транспорт логистикасининг юксалишига икки давлат парламенти ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши кераклиги учрашувда алоҳида таъкидланди.
Мазкур учрашув парламентлараро дўстлик гуруҳларига ҳам масъулият бағишлайди. Зеро, икки мамлакат ўртасидаги барча алоқаларни хусусан, туристлар, тадбиркорлар ва фуқаролар учун виза олиш билан боғлиқ ишларда, тарихий ҳамда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш ва янгиларини тадқиқ қилиш, қолаверса, халқлар ўртасидаги яқинликни, туризм бўйича алоқаларни жонлантириш зарурлиги айтилди.
Умуман олганда, ушбу учрашув келажакда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, транспорт логистикаси йўналишлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашда парламентлараро муносабатлар муҳим ўрин тутиб, бу борадаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
парламентлараро дўстлик гуруҳи аъзоси.