Энг катта орзуим — маҳалламнинг мактабларини энг замонавий мактаблар сафига киритиш

Нима учун Наврўз шаҳарчасида истиқомат қилаётган мактаб ёшидаги ўқувчиларнинг айримлари Урганч шаҳри марказидаги мактабларга интилади?

Мен 1994 йилдан буён Наврўз шаҳарчасида истиқомат қиламан. Бизнинг Наврўз шаҳарчамиздаги 22-сон мактаб биноси 1991 йилда қурилган бўлиб, мактабнинг умумий аҳволи яхши. 2009 йилда капитал таъмирланган, лекин замонавий мактаблар сафига қўшиш зарурияти борлигини такидламоқчиман. Чунки Наврўз шаҳарчасини Урганч шаҳрининг юраги деб биламан. Сабаби Урганч шаҳрида битта шаҳарча бор, у ҳам бизнинг Наврўз шаҳарчамиздир.

Мактабларга қайтадиган бўлсак, аҳоли кам даврда 1264 нафар ўқувчига мўлжалланган 22-мактаб биноси бугунги кунда 1657 нафар ўқувчини ўз бағрига олган. Мактаблардаги педогог кадрларнинг ва ўқувчиларнинг вилоят ва республика миқиёсидаги эришаётган ютуқлари таҳсинга лойиқ. Мактабимиз Урганч шаҳридаги мактаблар ичида саккизинчи ўринда туради. Ягона орзуим мактабимизни биринчи ўринга чиқариш.

Устозларимизнинг меҳнатларини қадрлаган ҳолда кўп бора мактабни реканструкция қилиш масаласини ўртага ташлаганмиз. Мактаб маъмуриятининг ва Урганч шаҳар Халқ таълими бўлимининг саъй-ҳаракатлари билан 22-сонли мактабни қайта реканцтрукция қилиш 2021 йилги давлат дастурига киритилди.

Менинг фикримча, мактабимизни замонавий таъмирлаш билан бир қаторда замонавий технологиялар билан бойитиш ҳам зарур. Бу борада 22-сон ва 31-сон мактабларда замонавий технологияларда машғулот олиб борувчи малакали қадрлар етишмаслиги табиий. Бу масалани ҳодимлар малакасини шу ерда оширяпмиз, деган фикрда қолмасдан ўқитувчиларимизга чет элда малака ошириш имконини берувчи грантлар ташкил қилишни таклиф қилмоқчиман.

Маҳалламизда тадбиркорлик фаолиятини юритаётган маҳалладошларимиз билан шахсан учрашиб, 22 ҳамда 31-мактаблардаги ҳар бир синфга тозаланган сув аппаратларини олиб беришда амалий кўмак сўраганман. Бу таклифимни тадбиркорлар қўллаб қувватлашларини айтганида бошим осмонга етди.

Мен шу ҳудуднинг фарзандиман. Бу ердаги таълим муассасаларида ўзимнинг маҳалладошларим, жигарларим ва албатта фарзанларим таълим олади. Уларга иссиқ хоналарда замон талабларига жавоб берадиган шароитда дарс машғулотлари олиб борилса, ўқиш сифати бунданда юқори даражада бўлар эди. Ота-оналар фарзандларини ўз маҳалласидаги мактаблардан олиб кетмасди, деб ўйлайман.

Маҳалламнинг мактабларидаги ҳар бир педогогнинг малакасини янада ошириш ҳамда яхши меҳнат шароити ва албатта муносиб ойлик маоши билан таъминланишини хоҳлайман. Депутат бўлиб сайлансам, шунга қаттиқ киришаман.

Ҳурматли сайловчилар, бизни, яъни Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватланг!

 

Озода Кулимова,

29-Наврўз Сайлов округидан

халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгаши депутатлигига

ЎзХДПдан кўрсатилган номзод.

 

Теглар

Депутат Сайлов-2019 Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш