Ватан мустақиллиги – улуғ неъмат

 

Инсон бахтли бўлиши учун эркин бўлиши, эркин бўлиши учун мустақил бўлиши керак экан, демак, энг аввало, мустақилликни мазмун-мохиятини англаб олиши керак.

Эркин нафас олишни ким қандай тушунади? Шахсан мен буни тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган юртда яшаш, хонадонимиздаги хотиржамлик ва бахт, фарзандлар кўзидаги қувонч, ўзинг севган касбни танлаш ва инсон омилига бўлган эътибор деб биламан. Яна дастурхон тўкинлиги-ю, ҳар тонг кексаларимиз дуода эканлигига нима етсин.

Инсондаги энг олий туйғу – Ватан туйғусидир. Ўзи туғилиб-ўсган она юртини ва у ерда яшовчи боладан токи катта ёшдаги инсонларни ўз қадрдонидай севадиган, она юрт табиатидан завқланадиган, диёридаги катта-кичик ютуқлардан фаҳрланадиган, бутун ақл-заковати, қалб қўри, куч ва имкониятини шу жамият ривожига бахшида эта олган инсондагина бу туйғу намоён бўлади.

Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда «Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат» ғояси асосида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлини бошладик. Жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфаси шиддат билан ўзгариб, ҳаётимизда янгича муносабатлар, янги имконият ва қадриятлар шаклланаётганини ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этмоқдамиз. Айниқса, «инсон ҳуқуқ ва эркинликлари», «қонун устуворлиги», «очиқлик ва ошкоралик», «сўз эркинлиги», «дин ва эътиқод эркинлиги», «жамоатчилик назорати», «гендер тенглик», «хусусий мулк дахлсизлиги», «иқтисодий фаолият эркинлиги» сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани эътиборлидир.

Донишмандлардан бирлари шундай деган экан, «Ҳар бир юртнинг тинч ва ободлиги уч нарсага боғлиқдир. Биринчи подшохнинг адолати, бойларнинг саҳовати, халқининг дуосидадур». Давлатимиз раҳбари томонидан халқ билан бевосита мулоқот қилиш, одамларнинг орзу-истаклари, фикр-мулоҳазалари, иқтисодий, маънавий ва бошқа эҳтиёжларидан бохабар бўлиш учун жойларда халқ қабулхонлари фаолияти йўлга қўйилди, бу эса адолатдан дарак беради. Чунки, шу кунгача бирор давлат ташкилотининг «эшигини тақиллатиб» бориб ҳам дардингизни айтолмас эдингиз. Энди эса, сизнинг дардингиз, ташвишингизни тинглаш учун, ечим топиш учун барча эшиклар очилди.

Сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча бўғиндаги мансабдор шахслар фуқаролар билан юзма-юз учрашиб, уларнинг дарду ташвишлари билан қоғозда эмас, амалда жиддий шуғулланмоқда. Яъни, авваламбор, давлат органлари халқ учун, ҳар бир фуқаро учун очилиб, улар билан фаол мулоқот олиб бормоқда.

Ҳаётимизда мажбурий меҳнат, хусусан, болалар меҳнати, ишсизлик, камбағаллик, коррупция, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини очиқ тан олиб, уларни кенг жамоатчилик билан биргаликда бартараф этилмоқда.

Сўнгги пайтда ҳаётимизда сунъий тўсиқ бўлган кўпгина бюрократик масалалар, жумладан, «прописка», хорижга чиқиш учун «стикер», мажбурий меҳнат каби эски тартиблардан мутлақо воз кечиш бўйича ғоят муҳим қарорлар қабул қилинди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, тадбиркорлар ўз бизнесини ривожлантириш учун эркинлик ва янги-янги имкониятларга эга бўлмоқда, деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланмоқда.

Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилди. Кейинги пайтда «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари», «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш усуллари айнан шу мақсадда жорий этилди.

Кексалар, ногиронлар, оғир аҳволга тушиб қолган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва мурувват кўрсатиш каби эзгу анъаналар бугунги кунда янгича маъно-мазмун, амалий ҳаракатлар билан бойиб, такомиллашиб бормоқда. Бу борада, айниқса, «Беш муҳим ташаббус», «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз» каби дастурлар ўз ижобий натижасини бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, уларга арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, соҳага янги архитектура ва техник ечимларни жорий этиш орқали аҳолининг уй-жой маиший турмуш шароитларини яхшилаш, шунингдек эҳтиёжманд оилаларни давлат томонидан манзилли моддий-маънавий қўллаб-қувватлашни изчил давом эттириш мақсадида қатор чора тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда 140 мингта оила уй-жой билан таъминланган, мазкур кўрсаткич 2010 – 2016 йилларда 30 мингтани ташкил қилган.

Мамлакатимизда аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, халқ саломатлиги, миллат генофонди мустаҳкамлиги шу давлатнинг катта бойлиги саналади.

Шу мақсадда, ижтимоий ҳимоя қилиш ва фуқаролар соғлиғини сақлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш, касалликларни профилактика қилиш ва барвақт аниқлаш, малакали тиббий кадрларни тайёрлаш, соҳага янги бошқарувни жорий қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Мавжуд куч ва воситаларни жалб қилган ҳолда, энг аввало бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тиббий профилактика ва патронаж тизимининг мутлақо янги тизимини жорий қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва аҳоли жамоат саломатлигини таъминлашнинг маҳаллалар ва аҳоли хонадонлари даражасигача қамраб оладиган яхлит тизим яратилмоқда.

Шунингдек, ўтган давр мобайнида ўқитувчининг мавқеини юксалтириш, устоз-муаллимларга муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида педагог ходимларнинг иш ҳақи босқичма-босқич ошириб борилмоқда. Ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятини тўғри йўналтириш, умумтаълим фанларини ўқитишнинг бутунлай янгича тизими яратилди. Ҳаттоки, олис тоғлар орасидаги қишлоқда вояга етган ўғил-қизларимиз ҳам энг ривожланган давлатлардаги олий ўқув юртларининг талабалари билан билим борасида бўйлашаётгани бунинг натижаси эмасми.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Мазкур ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди. Сўнгги беш йилда жами 36 минг 723 шахсга нисбатан асоссиз қўйилган айблов чиқарилган бўлиб, шундан 3 минг 702 шахс оқланган. Бу кўрсаткичлар 2021 йилда, айниқса, яхшиланган. Яъни асоссиз қўйилган айблов чиқарилган шахслар сони 10 минг 115 экани аниқланиб, шундан 932 нафари оқланишига эришилган.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги юртдошларимизга ҳам меҳр-мурувват қўлларини узатдик ва уларни қўллаб-қувватлаш, алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида «Ватандошлар» жамғармаси ташкил этилди.

Мамлакатимиз тарихида илк бор амалга оширилган «Меҳр» операцияси доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан адашиб, алданиб қолган кўплаб фуқароларимиз, асосан, аёллар ва болалар Ватанимизга олиб келинди.

Маълумки, йиллар давомида Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида яшаган кўплаб инсонлар ва уларнинг фарзандлари расмиятчилик билан боғлиқ турли мушкулликлар сабаб, Ўзбекистон фуқаролигини олиш билан боғлиқ муаммога дуч келишган ва бу уларнинг нафақат ўз тақдири, балки фарзандлари тақдиридан хавотирланишига сабаб бўлган. Давлатимиз раҳбари уларнинг мурожаатлари ва муаммоларини эътиборсиз қолдирмай, бу муаммога ҳам ечим топиши натижасида фуқаролиги йўқ 70 мингга яқин инсонлар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини олишдек бахтга мушарраф бўлдилар.

Жадал янгиланаётган Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг халқаро эътирофига назар ташласак ўтган тарихан қисқа даврда юртимизнинг Марказий Осиё минтақаси ва жаҳон миқёсидаги сиёсий ўрни ва нуфузи кескин ошди. Дунёда Янги Ўзбекистонга нисбатан ишонч руҳи ва мамлакатимиз билан ҳамкорликка интилиш тамойиллари кучайди.

Биринчи навбатда, қўшни давлатлар билан муносабатларимизда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ҳал этилди. Чегаралар очилди, виза масалалари ҳал этилди. Қўшни – қўшниси билан, ака – укаси, ота – боласи, қариндош – қариндоши билан узилиб қолган алоқаларни тиклаб, бир мамлакатдан иккинчи давлатга эмин-эркин бориб кела бошлади. Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларимиз жадал ривожланмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, жамиятимизда бўлаётган ўзгаришлар, глобаллашув жараёнлари тезлашиши, рақамлаштириш, иқлим ўзгариши, жадал тараққий этиб бораётган давр талаби асосида мамлакатни янада модернизация қилиш, тинчлик, барқарорлик ва миллий мустақилликни мустаҳкамлаш борасида долзарб, янги-янги вазифалар ҳамда мамлакатимизнинг бозор иқтисодиётига ўтиш жараёни фаоллашуви амалдаги конституциямизни бугунги кун талабига мослаштиришни тақозо этди. Янги Конституциямиз ҳаётимизнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлайди, қолаверса, тараққиётнинг юқори босқичларига кўтарилишга кенг йўл очади. Бугунги кунда Янги Ўзбекистоннинг янги Конституцияси халқимиз билан биргаликда такомиллаштирилиб, маромига етказилмоқда. Ишонамизки, янги Конституция халқимиз яратган Конституция бўлади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш мумкинки, мустақилликка эришган кунимиздан буён халқимиз босиб ўтган машаққатли ва синовли даврларда амалга оширилган ишлар кўлами, эришилган ютуқлар, улкан марра ва натижалар салмоғи жуда катта. Энг муҳими, халқимизнинг дунёқараши ўзгармоқда, давлат ва жамиятни бошқариш ишларида фаоллиги ошмоқда ва бу албатта, келажакда янада салмоқли натижаларга эришиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини англатади.

 

Дилбар Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш