Ўлим жазоси таъқиқланади

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошлоқ туман ташкилоти ташаббуси билан туман марказидаги “Ахборот кутубхона маркази” мажлислар залида туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари ва маҳалла фаоллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган “Конституция - инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари кафолати" мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

 

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Халк демократик партияси Тошлоқ туман ташкилоти раиси, туман Кенгаши депутати Турсунбой Солиев, туман ҳокимлиги Маънавият- тарғибот маркази бош мутахассиси Мансуржон Маҳмудов ва туман саҳоват ва кўмак жамғармаси бўлими раиси Турсунбой Халиловлар сўзга чиқишиб, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар муҳим паллага кирганлиги, мазкур лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарори билан умумхалқ муҳокамасига қўйилганлиги, жорий йилнинг 25 июнидан 1 август кунига қадар тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилаётганлиги, шунингдек, конституциявий қонун лойиҳасида бош Қомусимизнинг 60 тадан зиёд моддаларига 200 дан ортиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилаётганлиги хақида гапириб бердилар.

Асосий қомусимизга яна олтита янги модда ва ўн олтита янги нормалар киритилаётганлиги ҳам йиғилиш иштирокчилари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Ўлим жазосининг Ўзбекистонда таъқиқланиши, "Миранда Қоидасини" қўллаш зарурлиги шунингдек, “Хабеас корпус” институтини ривожлантириш яъни фукароларни суд қарорисиз хибсхоналарда 48-соатдан ортиқ ушлаб туришга йўл қўймаслик баробарида, "Ўзбекистон-ҳуқуқий давлат" деган ғояни Конституциямизда аниқ мустаҳкамлаб қўйилиши ҳақида гапириб берилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Конституциявий қонунга қўшимча таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Партия муносабати Конституцияга таклиф
← Рўйхатга қайтиш