Хотин-қизлар учун яна бир имконият

 

Сир эмас, кейинги йилларда хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги нуфузини ошириш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиши. бандлигини таъминлаш, меҳнат қилишлари учун муносиб шароитлар яратиш, уй-жой билан таъминлаш, бир сўз билан айтганда хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида бир қанча имтиёз ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Куни кеча Президентимизнинг хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган яна бир қарори қабул қилинди.

“Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ушбу қарор билан хотин-қизлар учун таълим кредитлари ажратишнинг янги тизими жорий этилади. Бу айниқса, партиямиз электорати ҳисобланган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги хотин-қизлар учун муҳим янгилик бўлди.

Қарорга кўра 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида таҳсил олиши учун имтиёзли шартларда таълим кредитларини Давлат бюджетидан ажратишнинг янги тизими жорий этилади.

Бунда:

— тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган депозит маблағлари ҳисобидан таълим кредитларини 14 фоиз ставкада ажратади;

— таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади;

— таълим кредити бўйича фоиз ставкаларини сўндириш Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, уларни тижорат банкларига тўлаш орқали амалга оширилади;

— таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади;

— "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га кирган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.

Шунингдек, 1 ой ичида Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида ўқиши учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Кўриниб турибдики, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги хотин-қизларнинг яна бир муаммоси ўз ечимини топмоқда. Мазкур оилалардаги тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган хотин-қизлар ҳам таълим кредитини олган ҳолда ўқишни давом эттириб, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим олиш имкониятига эга бўлишади. Яна бир муҳим ва қулай жиҳати шундаки, таълим кредитининг асосий қисмини талаба ўқишини тамомлагандан сўнг, ишга кириб, 6 ойдан кейин 7 йил давомида қайтаради.

Ушбу қарор мазмун –моҳиятини аҳоли, айниқса хотин-қизлар орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда қарорда белгиланган вазифалар устидан жамоатчилик ва депутатлик назорати ўрнатилишида партиямиз фаоллари ва депутатлари- барчамиз бирдек иштирок этишимиз мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” раҳбари.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш